БЎЗАТОВ ТУМАНИГА ҲОКИМ ТАСДИҚЛАНДИ


Шу йил 14 сентябрь куни халқ депутатлари Бўзатов туман Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда вазирлик,  корхона, муассаса, ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок қилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқиб, йиғилганларни туманнинг қайта ташкил қилинганлиги билан табриклади.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг шу йил 20-21 август кунлари  республикамизга қилган ташрифи, шунингдек, Нукус шаҳрида фаоллар билан ўтказган учрашуви республикамиз тарихидаги унутилмас воқеалардан бири бўлди. Айниқса, туманларни муайян соҳаларга ихтисослаштириш, жумладан, чорвачиликка ихтисослашган Бўзатов туманини қайта ташкил қилиш бўйича таклифи бутун халқимиз томонидан алоҳида мамнуният билан кутиб олинди.

Юртбошимиз республикамизни янада ривожлантиришда муҳим бўлган беш асосий вазифани белгилаб берди.

Жумладан,  инвестицияларни кенг жалб қилган ҳолда саноатни жадал ривожлантириш, экспорт ва импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналарни кўпайтириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни кенг жорий қилиш ва маҳсулотларни қайта ишлаб чиқаришни кўпайтириш чоралари белгилаб олинмоқда. Бундан ташқари, замонавий муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорти, ижтимоий инфратузулмани яратиш, шу орқали аҳолига, шу билан бирга тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратиш, Орол­бўйи аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича вазифалар белгиланди. Эътиборлиси, 2019-2020 йилларда жами 14 триллион 684 миллиард сўмлик 697 лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобидан 14 мингга яқин иш ўринларини яратиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ўтган қисқа вақт ичида чорвачиликка ихтисослаштирилган Бўзатов туманини қайта ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Қонунчилик палатасининг келишуви олиниб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг махсус қарори қабул қилинди.  Бундан ташқари, туманда 4 та сектор фаолиятини йўлга қўйиш, соғлиқни сақлаш, таълим, мактабгача таълим, маданият, спорт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва ­бошқа соҳаларнинг туман бўлимларини ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Туманни комплекс ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган ишчи гуруҳ томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолига табиий газ етказиб бериш мақсадида янгидан автоматлаштирилган газ тақсимлаш станциясини қуриш, ­«Аспантай»  ва «Еркиндарья» каналларини реконструкциялаш, насос станцияларини ўрнатиш, туман марказини ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий объектларни қуриш каби муҳим ишлар олиб борилмоқда.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Шу кунгача Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Махмуд Тенгелович Қайпанов Бўзатов тумани ҳокими этиб тасдиқланди. Тадбирда 55-сонли «Бўзатов»  сайлов округидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ш.Уснатдинов, «Ерик бағ» сайлов округидан туман Кенгаши депутати А.Ерназаров, «Қазанкеткен» сайлов округидан туман Кенгаши депутати И.Палибековалар сўзга чиқиб алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги учун ­Президентимизга миннатдорлик билдиришди ва янгидан тайинланган туман раҳбарининг келгуси ишларида муваффақиятлар тилашди.

Сессияда туман ҳокими М.Қайпанов катта ишонч учун миннатдорлик билдириб, бор билим ва тажрибасини ушбу ишончни оқлашга сафарбар қилишини таъкидлади.

Шу билан халқ депутатлари Бўзатов туман Кенгашининг биринчи сессияси ўз ишини якунлади.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.