Қаллибек Камолов,
давлат ва жамоат арбоби
Президентимиз шу йил 20 август куни Мўйноқ шаҳрида халқимиз вакиллари билан учрашганида ўз нутқини Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг “Одам одамнинг қуёши, Кўнгил кўнгилдан сув ичар” деган шеърий сатрлари билан бошлади ва давлатимиз раҳбари нутқининг бутун мазмун-моҳияти ана шу шеърда ифодаланган эзгу ниятларга ҳамоҳанг бўлди. Бу биз — қорақалпоғистонлик жамоатчилик вакилларини тўлқинлантириб юборди. Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни ўз кўзим билан кўриб, бир ҳайратимга юз ҳайрат қўшилади.
Шундай меҳру ғамхўрликдан халқим қатори мен ҳам баҳраманд бўлаётганимдан ниҳоятда миннатдор бўламан.
Ҳаётнинг аччиқ – чучугини кўрган, кўп йиллар раҳбар лазозимида ишлаган бир инсон сифатида шу пайтга қадар бу қадар кўлами ниҳоятда кенг ва муҳташам ишларни кўрганим йўқ. Мўйноқдаги йиғилишда муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикасининг жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг сўнгги уч йилда кескин ривожланганини айтиб ўтиб, келажак даврнинг улкан ривожланиш дастурини белгилаб берди. Давлатимиз раҳбарининг: “Илгари қорақалпоқ халқи йиғлаб яшаган бўлса, энди янги замон келиб, кулиб яшашга эришди. Қорақалпоқ халқининг замони келди”, деган теран мазмунли сўзлари кўпчилик йиғилиш қатнашчилари қатори менинг ҳам юрагимда фахр ва шукроналик туйғуларини уйғотди.
Ҳақиқатан Президентимиз билан Мўйноқда учрашиб, самимий суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлиш нафақат менга, балки бутун Қорақалпоғистон халқига катта фахру ифтихор ва шодлик бағишлади. Бугун барчанинг юрагидан жой олган, нафақат мамлакатимизда, балки дунёҳамжамиятида юксак обрў-эътибор қозонган Президентимиз мамлакатимизнинг янгича ривожланиш дастурини ўзлари ишлаб чиққан теран фалсафий таълимотга асосан келажакда янада юксалтириш йўл харитасини чизиб берди. Энг аввало, халқ билан фикрлашиш, халқнинг орзу-армонларини тинглаш, уни ҳал қилиш мамлакатимизда муҳим давлат сиёсатига айлантирилди. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод шаҳар” дастурлари босқичма-босқич амалга оширилди.
Ҳеч бир мамлакатда йўқ, ҳеч бир давлат ижтимой-сиёсий ҳаётида мавжуд бўлмаган усулда тараққиётнинг мураккаб масалалари ҳал этилди.
Ниҳоятда қисқа вақт ичида инсон манфаати, халқ фаровонлигини ошириш, унинг ижтимоий аҳволини янада юксалтириш учун улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз айтгандай, илгари йиғлаб юрган қорақалпоқ халқи, ҳозир дастурхони тўкин-сочин, янгича, обод турмуш билан яшаётир. Буларнинг барчаси юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.
Сув танқис ҳудудларда яшаётган аҳолини сув билан тўлиқ таъминлаш, овуллар ва шаҳарларда канализация тармоқларини ўрнатиш бўйича катта вазифалар белгилаб берилди. Бугунги кунда Тахтакўпир, Қораўзак, Кегайли, Беруний, Элликқалъа, хуллас, барча туманлар ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди.
Орол муаммоси қорақалпоқ халқи учун оғир дард эди.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида Орол фожеасининг бутун дунё учун табиий офатга айланганини исботлаб берди ҳамда бу масалага жаҳон жамоатчилигининг диққатини жалб этишга эришди.
Ҳозир Мўйноқ шаҳри замонавий, дунё стандартларига мос келадиган ажойиб шаҳарга айланди. Бу ерда 350 ўринли тўқимачилик фабрикаси, балиқ консерваси комбинати ишга туширилди. Ёшлар учун сузиш ҳавзаси, театр, амфитеатр, маданият саройи, музей, истироҳат боғи, турар жойлар ва бошқа қурилиш иншоотлари барпо этилди.
Шаҳар аэропортининг учиш-қўниш майдони қурилди. Мўйноқ Президентимизнинг ғамхўрлиги шарофати билан гуллаб-яшнаган шаҳарга айланди. Буни ҳамма тан олади.
Туб ислоҳотларнинг самараси ўлароқ Нукус шаҳридан 450 километр олисдаги “Қорақалпоғистон” қўрғони ҳам гуллаган шаҳарчага айланди. Бундай ишлар барча вилоятларнинг чекка ҳудудларида ҳам амалга оширилди. Учқудуқ, Конимех, Томди, Гагарин, Тўрақўрғон, Шарғун каби шаҳарлар янгидан бунёд этилди.
Шунингдек, Нукус Европа андозаларидаги замонавий шаҳарга айланди. Шаҳарнинг ўртасидан оқиб ўтадиган “Дўстлик” каналининг икки соҳилида хиёбонлар, гулзорлар, айвонлар, дам олиш масканлари қурилиб, бу ерда аҳоли ҳордиқ чиқарадиган сўлим сайилгоҳ бунёд бўлди. Бугун мамлакатимиздаги барча шаҳарларнинг қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди. Кимки миллий ва замонавий меъморчиликнинг ноёб намуналарини кўришни истаса, Ўзбекистонга келсин. Шаҳрисабз, Самарқанд каби кўҳна шаҳарларнинг чиройига чирой қўшилган. Тошкентни айтмайсизми, Кўкалдош мадрасаси, Хасти Имом Меъморий мажмуаси билан биргаликда пойтахтимизда узукка қўйилган гавҳар кўздек Сузук Ота мажмуаси қад ростлади. Муҳташам “Tashkent sity” ни айтмайсизми. Гўзал ва файзли иморатлар уларнинг эгалари, одамлар билан файзли. Одамлар гавжум жой сўлим бўлади. Сўлим жойларга одамлар интилади.
Нурли келажагимизнинг ворислари бўлган фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашга қаратилаётган юксак эътибор мени ниҳоятда қувонтиради. Улуғ адиблар Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Иборойим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номлари билан аталадиган ижод мактабларининг қиёси дунёда йўқ. Мустақиллик байрами арафасида Огоҳий, Абдулла Қодирий ва Ҳалима Худойбердиева номларида ҳам ижод мактаблари ташкил топди.
Истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган бундай ислоҳотларнинг самараси ҳадемай юз кўрсатишига ишонаман.
Президентимиз илм-фан, маданият, адабиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ёшларни ўзимизда яхши ўқитиб, малакали мутахассислар, кадрлар тайёрлашга муҳим аҳамият берилмоқда. Шу билан бирга ёшларни ривожланган мамлакатларда ўқитиб, тайёрлашимиз керак. Бу борадаги ишларни фаол давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимизда Росссиянинг 5-6 та университети филиали, Жанубий Корея олий ўқув юртлари филиаллари очилди. Бу яқин йилларда кадрлар салоҳиятининг ўсишида ўз натижасини кўрсатиши аниқ.
Мана шундай улкан ўзгаришлар қаторида Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг иқтисодиётини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Масалан, электрэнергетика соҳасини олайлик. Ушбу соҳа бутун халқ хўжалигининг локомотиви бўлиши шарт. Ишлаб чиқариш ривожланиши учун электр энергияси керак. Президентимиз томонидан энергетиканинг саноатни ривожлантиришдаги муҳим аҳамиятига эътибор қаратилиб, Наманганда катта қувватга эга бўлган электр станцияси қурилди.
Навоий ва Тахиатош электр станцияларининг энергия ишлаб чиқариш қуввати оширилди.
Бу станцияларда атмосферага зарарли чиқиндилар тарқалишининг олди олинди ҳамда газнинг исроф бўлиши камайтирилиб, қуёш энергиясидан фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга атом электр станцияси ҳам қурилмоқда.
Машинасозлик саноатига ҳам катта эътибор берилмоқда. Қишлоқ хўжалик техникалари модернизация қилиниб, ушбу соҳа халқаро андозаларга жавоб берадиган даражага кўтарилди. Бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар, юк машиналари, автобуслар ва бошқа техника воситалари бутун дунёнинг ҳавасини келтирмоқда.
Ҳозир Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айланган. Юртимизда қурилиш ишлари жадал бормаётган қишлоқ ёки шаҳарнинг ўзи йўқ. Кўнглимдан кечаётган шукроналик туйғуларидан бири Ўзбекистон экспорт салоҳиятининг юксалиши билан боғлиқ. Мева, полиз маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уларни чет элларга экспорт қилиш муҳим вазифа сифатида кун тартибига қўйилди. Масалан, Испания йилига 23 миллиард долларлик мева сотади. Ўзбекистонда бу имконият Испанияга қараганда анча юқори.
Тўқимачилик саноати жадал ривожланмоқда. Илгари четга пахта хомашёси ёки толани сотар эдик. Бугун ўзимизда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бизнинг Қорақалпоғистонда етиштирилаётган пахта шу ернинг ўзида тайёр маҳсулотга айлантирилмоқда.
Ипак етиштириш бўйича Ўзбекистон Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради. Илгари Ўзбекистон фақат хомашёнигина сотар эди. Президентимизнинг топшириғи бўйича Юртимизда етиштирилаётган пиллами, пахтами, юнгми, хуллас, тўқимачилик учун зарур толалар энди хомашё ҳолида четга чиқарилмайдиган бўлди. Ўзимизда тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш кони фойда. Масалан, ипакни қайта ишлаб тайёр маҳсулот қилиб сотсак, тола сотганга қараганда 10 баробар қиммат турар экан. Демак, бугун биз бирга ўн фойда учун ишламоқдамиз.
Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларимиз азалдан кўплаб сайёҳлар ва зиёратчиларни ўзига жалб этиб келган. Бугун Президентимизнинг ташаббуси билан Ўзбекистондаги барча шаҳар, туман, аҳоли гавжум яшайдиган гўшаларни сайёҳлар ва зиёратчилар келадиган манзилларга айлантириш борасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистонга 3 милион 600 минг нафар сайёҳнинг келиб кетгани туризм соҳасида яхши ютуқдир. Ахир ер юзидаги жаннатмонанд юрт дея таъриф берилган Ватанимизнинг ҳар қарич ери муқаддас, ҳар гўшаси мўъжиза. Бу мўътабар юрт қанчадан-қанча буюк алломаларга бешик бўлганининг ўзи мўъжиза эмасми? Жаҳонда Ўзбекистон мўъжизаси, деган иборанинг пайдо бўлиши айнан муҳтарам Президентимизнинг қизғин ва самарали фаолияти билан боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари бугун саноатни ривожлатириш масаласини кун тартибига қўймоқда. Қашқадарёда 18 мамлакат ҳамкорлигида Нефтни қайта ишлаш комбинати қурилмоқда. У дизель ёнилғиси бензин, керосин, мазут ишлаб чиқарадиган комбинат бўлади. Жиззах, Самарқандда улкан саноат иншоотлари бунёд этилмоқда. Бундай йирик саноат мажмуалари келажакда Ўзбекистоннинг тараққиётига улкан ҳисса қўшишига ишончимиз комил. Ўзбекистон ўзининг табиий бойликлари, нефт, газ, металл конларига эга. Бу дегани –Ўзбекистоннинг кўп маҳсулотлари, бойлиги ўзида сақланади, унинг қудратли мамлакат бўлишига асос яратади, ривожланган давлат бўлишига тўлиқ имконият беради деган сўз.
Мамлакатимизни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш билан биргаликда халқимизнинг ички дунёси, психологияси ижобий тарафга бутунлай ўзгарди. Халқ янгича дунёқарашга эга бўлди, янгича ўйлайдиган миллат пайдо бўлди. “Инсон омили ривожланишни белгилаб беради ” деган ҳикмат бор-ку, шундай экан халқнинг янгича ўйлашга, фаол фикр юритишга эга бўлиши келажакда ўзининг улкан самарасини беради. Бундай халқ билан мамлакатни янада жадал ривожлантириш мумкин.
Президентимиз бугун туб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан бир қаторда келажакка нурли назар ташлаб, мамлакатимизни 2035 йилгача мўлжалланган ривожлантириш стратегиясини белгилаб бермоқда.
Экспертларнинг аниқлашича, Ўзбекистон экспорт ва туризм соҳасида йилига 100 миллион доллар фойда олиш имкониятига эга экан.
2035 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 50 миллионга етади. Бизнинг ниятимиз шундай – 2035 йили Ўзбекистон дунёда энг ривожланган йигирмата давлатнинг бири бўлади.
Менинг 18 нафар эварам, жуда кўп невара-чевараларим, ўғил-қизларим бор.
Мен ҳозир 94 ёшдаман, 70 ёшимда ҳажга бордим. Ўша вақтдан буён беш вақт намозни канда қилганим йўқ. Намозимда суюкли Президентимизга Оллоҳдан камида юз ёш тилаб, ҳамиша соғ-саломат бўлсин, бола-чақаси омон бўлсин, деб дуо қиламан. Эл-юртимиз, халқимиз бахтига омон бўлиб, Ўзбекистон дунёдаги энг ривожланган ва фаровон юртга айлансин, осмонимиз мусаффо, замонимиз ҳамиша тинч бўлсин, деб тилак тилайман.
Президентимиз билан Мўйноқда бўлган учрашувдан қайтаётиб, йўлда улуғ бобомиз Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний қабрини зиёрат қилиб, қуръон тиловат қилдим. Ул зотнинг руҳига фотиҳа ўқидим. Элимизга ривож, фаровонлик халқимизга омонлик қадрли Президентимиз Шавкат Мирзиёевга толмас қанот куч-ғайрат тиладим.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз –миллий мустақиллигимизнинг 28 йиллиги айёмида қорақалпоқ халқига муҳтарам Президентимиз яна бир бор юксак эҳтиром кўрсатди. Элимизнинг оғаси –Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Муса Тажетдинович Ерниязов Ватанимизнинг олий мукофоти “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди. Фурсатдан фойдаланиб, Президентимизга қорақалпоқ халқи номидан катта раҳмат айтаман. Муса Тажетдиновични чин дилдан самимий муборакбод этаман.
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси
Алланазар АБДИЕВ ёзиб олди.
Қорақалпоғистон халқ шоири
Рустам МУСУРМОН таржимаси.
(“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасидан олинди).