Дрон олиб ўтаётган фуқаро божхона постида тўхтатилди


Юртимизга қонуний йўл билан товар олиб кириш ҳамда олиб чиқиш учун яратилган қулайлик ва имтиёз­ларга қарамасдан, айрим фуқароларимиз  турли хил кўринишдаги товар-моддий бойликларни яширин йўллар билан олиб киришга уринаётганликлари ачинарли ҳолат, албатта.

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг маълумотларига қараганда, яқинда “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона пости орқали юртимизга кириб келаётган фуқаро Ф.С. белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганида унинг юклари орасидан божхона органининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ва декларациясида кўрсатилмаган 1 дона бошқарувсиз учиш қурилмаси (дрон) мавжудлиги аниқланди. Ҳозирги кунда ушбу ҳолат бўйича божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Божхона бошқармаси томонидан шу йилнинг 8 ойи давомида республикамизга ноқонуний товар олиб келиш бўйича 965 ҳолат аниқланиб, қонунбузарлардан 3 миллиард 179 миллион 253,1минг сўмлик товарлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.