Бугун пойтахтимиз Нукус шаҳри ва бошқа ҳудудларда аҳоли гавжум, марказий кўчалар бўйларида “Жамоатчилик назорати масканлари” ташкил этилган. Биз мазкур масканлар фаолияти билан қизиқдик. Ушбу пунктларда асосан кимлар, куннинг қайси вақтида фаолият олиб боришади? Фавқулодда қандайдир бир кўнгилсиз ҳодиса юз берганида мазкур масканлар қандай вазифаларни бажаради? Кўпчиликни ўйлантирган ва қизиқтирган саволлардан бири нима учун ушбу бинолар аксарият ҳолларда бўм-бўш, ёпиқ туради? Биз ушбу саволларга атрофлича жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрдик.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3-июлдаги “Фуқаролар йиғинининг “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳақида”ги қарорига мувофиқ, ҳудудларда “Жамоатчилик назорати масканлари” ўз фаолиятини бошлади. “Жамоатчилик назорати масканлари” асосан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, тинчлик, осойишталик, хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларда огоҳлик ва фаолликни ошириш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ички ишлар ҳамда бошқа давлат органларига кўмаклашиш мақсадида барча фуқаролар йиғинларида ташкил этилган.
Бугунги кунда Нукус шаҳрида 59 та «Жамоатчилик назорати масканлари» ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида мазкур масканлар томонидан 198 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган. Таъкидланишича, «Жамоатчилик назорати масканлари»да фаолият олиб бориш тартибини, яъни, куннинг қайси вақтида, неча соат давомида навбатчилик қилишни фуқаролар йиғинининг «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси раҳбари фуқаролар йиғини раиси билан келишган ҳолда белгилайди.
Масканда навбатчиликни ўтаётган фуқаролар белгиланган вақтларда жамоатчилик назоратини амалга оширади.
Масканда навбатчиликни ўтаётган фуқаролар ҳудудга кириб чиқаётган шахслар ва транспорт воситаларини тўхтатиб, ташрифнинг мақсадини сўраши, транспорт воситасидаги шахслардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, улар тўғрисидаги маълумотларни қайд этиши, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни ушлаб, у ҳақда зудлик билан ички ишлар органлари навбатчилик қисмларига ва ҳудуддаги ички ишлар органи таянч пункти профилактика инспекторига хабар бериши мумкин. Масканда навбатчилик 5 соатдан, камида икки нафар шахслар томонидан олиб борилади.
Маълумки, «Жамоатчилик назорати масканлари»да тегишли давлат идоралари, жумладан, ички ишлар органининг навбатчилик қисми, ёнғин хавфсизлиги ҳамда тез тиббий ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятлар, туман (шаҳар) ҳокимлиги, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари, фуқаролар йиғини ва унинг раиси ҳамда ҳудуддаги ички ишлар органи таянч пункти профилактика инспекторларининг телефон рақамлари бўлиши шарт.
Аммо, биз ҳудудга кириб чиқаётган фуқаролар ҳақидаги маълумотлар ҳамда автотранспорт воситаларини қайд этиш дафтарини кўздан кечириш мақсадида Нукус шаҳридаги 20,40,51-сонли назорат масканларига ташриф буюрганимизда бу ерда на профилактика инспекторлари ва на бекитилган фидойиларни учрата олдик.
Шу ўринда яна бир муҳим масала. Эътибор берсангиз, ҳар бир «Жамоатчилик назорати масканлари» биносига “диққат видеокузатув” деган ёзув илиб қўйилган. Бироқ, биз кўздан кечирган, назорат масканларида бу каби видеокузатув мосламалари ўрнатилмаган эди. Навбатчиликка жалб қилинган аъзолар учун қулайлик яратиш мақсадида куз-қиш мавсумида бино иситиш ёки совутиш тизими ҳамда алоқа воситаси билан таъминланган бўлиши лозим. Лекин, афсуски, ҳеч бир масканда бу каби шароитлар яратилмаган.
— “Қорақалпоғистон” кўчаси бўйида жойлашган «Жамоатчилик назорати маскани» ёнида баъзида йўл патрул ходимларининг (ДАН) хизмат вазифасини бажараётганлигининг гувоҳи бўламан. Аммо, айнан ушбу масканнинг на кундузи ва на кечаси бирон марта ҳам очиқ турганлигини кўрмадим, — дейди Тимур Дуйсенбаев.
— Ушбу масканнинг қурилганига кўп бўлди. Аммо, нима иш қилиши, нима мақсадда қурилганидан тўғриси, хабарим йўқ, — дейди Набийра Тлеўмуратова.
Хулоса қилиб айтганда, бугун ушбу масканлардаги ёзувни кўриб, ҳудуд аҳолиси доимий назоратда, тинчлик-осойишталигимиз таъминланмоқда, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда, дея хурсанд бўламизу, аммо, кузатувларимиз натижасида бинонинг бўш, бетартиб, “хўжакўрсин”га савлат тўкиб турганининг гувоҳи бўлдик.
Шу ўринда бир нарсага диққат қаратишни истардим. Биз ушбу мақоламизда фақатгина «Жамоатчилик назорати масканлари» фаолияти ҳақида фикр юритдик. Бу билан тизимда бу борада ҳеч қандай чора-тадбирлар амалга оширилмаяпди, дейишдан йироқмиз. Шундай бўлса ҳам бу борадаги ишлар янада такомиллаштирилиб, янги босқичга кўтарилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Феруза Нуруллаева.