Айни кунларда республикамизда пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан давом этмоқда. Жорий йил ҳосили учун 2 минг 523 та фермер хўжаликларида ҳамда 3 та туманда ташкил қилинган пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жами 86 минг 664 гектар майдонда 184 минг 200 тонна пахта хом ашёси етиштириш белгиланган.
Республикамиз туманларининг иқлими ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, ғўзанинг районлашган ва эртапишар ҳамда янги навлари жойлаштирилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бош мутахассиси Оралбай Қалханов. — Хусусан, 30 минг 749 гектарига “Султон” нави, 39 минг 282 гектарга “С-4727” нави, 4 минг 665 гектарга “Омад”, 4 минг 139 гектарга “Ч-5018” нави ва 7 минг 475 гектар майдонга янги навлар экилди.
Етук мутахассислар томонидан ҳудудлар ва ғўза навлари бўйича экиш схемалари ишлаб чиқилди. Шунга кўра умумий майдоннинг 21 минг 300 гектари қўш қатор, 63 минг 841 гектари қатор ораси 60 сантиметр ва 1150 гектари қатор ораси 76 сантиметрлик схемада экилди.
Ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерларига 28 минг 161 гектар пахта майдонлари бириктирилган. Жумладан, “Бўстон кластер” МЧЖга 10 минг 740 гектар, “Беруний кластер” МЧЖга 10 минг 275 гектар ва “Амударётех” ХКга 7 минг 146 гектар ғўза майдонлари бириктириб берилган.
Жорий пахта йиғим-теримига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида барча туманларда зарур тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, туманлар тўртта сектор раҳбарларига бириктирилиб, пахта йиғим-терими учун зарур бўлган транспорт ва техникалар, тиркамалар, далаларда овқат қилинадиган қозондан тортиб тарозиларгача ҳисоб-китоби чиқарилди, нимагаки зарурат бўлса, имкон қадар таъминланди. Ҳозирги кунда 350 га яқин транспорт воситалари теримчи ҳашарчиларни пахта далаларига ташиш билан шуғулланаётган бўлса, мингдан ортиқ транспорт ва 2 минг 300 га яқин тиркамаларда пахта ҳосили тегишли пунктларга ташилмоқда.
Жорий йилги пахта терими мавсумидаги яна бир муҳим жиҳат бу — терилган пахта учун тўланадиган ҳақнинг оширилганидир. Бу ўз навбатида ҳудудлардаги уюшмаган аҳоли вакилларининг далаларга чиқиб, пахта териш орқали даромад топиши ва бандлигини таъминлашга хизмат қилаётир. Эндиликда, туман маркази ёки шаҳарда яшовчи аҳоли вакиллари ҳам ўзларининг ташаббуслари билан пахта теримига чиқишмоқда. Айни кунларда республикамиз туманларида пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Биз, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида пахта йиғим-теримига кўрилган тайёргарлик ишлари ва пахта топшириш бўйича кунлик кўрсаткичлар билан танишганимиздан кейин, газетамизнинг ушбу саҳифасида Беруний тумани пахтакорларининг меҳнатларини ёритиш мақсадида туманга йўл олдик. Туман марказига ҳали етиб бормасдан йўл бўйидаги пахтакорларга кўзимиз тушиб, улар билан суҳбатлашдик.
Маълум бўлишича, жорий йилда Беруний тумани миришкорлари 23 минг 465 тонна пахта хом ашёси етиштиришни ният қилганлар. Биз тўхтаган манзил тумандаги Махтимқули овул фуқаролар йиғини ҳудуди бўлиб, бу ерда 11 та фермер хўжалиги жами 730 гектар майдонга пахта экиб, 1 минг 600 тоннадан ортиқ ҳосил топширишни режалаштираётган экан.
Ҳашарчиларни пахта теримига жалб қилиш,
энди муаммо эмас
— Ҳар йили пахта терими мавсумида аҳоли яшаш пунктларидан узоқроқдаги далаларга теримчи ва ҳашарчиларни жалб қилиш, пахта ҳосилини ўз вақтида йиғиб-териб олишда муамммолар юзага келарди, — дейди Махтимқули овул фуқаролар йиғини раиси Жуманазар Абилов. Уюшмаган аҳоли вакилларини пахта йиғим теримига жалб қилиш, транспорт ва бошқа ташкилий ишларда жуда қийналар эдик. Негаки, пахта теримига борган ҳашарчи теримчиларда моддий манфаатдорлик нисбатан кам эди. Кўпчиликнинг хабари бор жорий йиғим-терим мавсумида 1 кг биринчи терим пахта учун 800 сўм, иккинчи терим учун 1000 сўм қилиб белгиланган эди. Фермер хўжаликлари ҳам етиштирилган пахта ҳосилини имкон қадар тез йиғиштириб олса, юқори навларга топширгани ҳисобига моддий манфаатдорлиги ошишини яхши билади. Шунинг учун ҳозирги кунда биринчи теримга ҳам 1000 сўмдан ҳақ бермоқдалар. Масалан, мана шу биз турган дала “Пиримбетов Азамат” фермер хўжалиги ҳам овул фуқаролар йиғини ҳудудининг энг чекка қисмида жойлашган бўлиб, пахта ҳосилини энг кўп етиштираётган фермер хўжалигидир. Кунига юзлаб теримчилар келаётган бўлсада ҳали биринчи терими терилмаган пахта далалари кўп. Лекин, теримчи ҳашарчиларга 1 кг пахта учун 1000 сўмдан ҳақ берилаётир. Эътиборлиси, аҳоли яшаш пунктларидан узоқдаги далаларга ҳам теримчи ва ҳашарчиларни жалб қилишда энди муаммолар бўлмаяпди. Натижада энг чекка ҳудудимиздаги мана шу фермер хўжалиги аъзоларининг айни кунгача териб топширган пахтаси 100 тоннадан ошиб кетди. Бунга эришишда ҳашарчиларнинг хизматлари катта, албатта.
ҲАШАРЧИЛАР ЎЗ ТАШАББУСИ БИЛАН
ДАЛАМИЗГА КЕЛМОҚДА
— Айни кунларда теримчи ва ҳашарчилар сони ошиб бормоқда, — дейди мазкур фермер хўжалиги раҳбари Азамат Пиримбетов. Жорий йилда 119 гектар майдонга пахта экилган. Шундан 243 тонна пахта ҳосилини етиштириш бўйича шартномавий режамиз бор. Эрта баҳордан бутун ёз бўйи қилган меҳнатларимиз натижасида пахта майдонларида кутилганидек ҳосил тўпланди. Эндиги мақсад, етиштирилган ҳосилни ўз вақтида ва юқори навларга териб топширишдир. Кўриб турганингиздек, экин майдонларимиз ҳудудида 15 тача хонадон бор халос. Уларнинг барчаси фермер хўжалигимиз аъзолари. Улар ҳам пахта йиғим-теримида фаол иштирок қилиб, ҳар бир хонадондан бир неча киши пахта термоқдалар. Лекин, фақат қишлоғимиздаги теримчиларнинг кўмаги билан 243 тонна пахта ҳосилини йиғиштириб олиш осон иш эмас. Шунинг учун ҳар йили ҳашарчиларни жалб қилган ҳолда пахта ҳосилини йиғиштириб оламиз.
Туман марказидаги уюшмаган аҳоли вакиллари маҳалла мутахассислари томонидан бир неча отрядларга бириктирилиб, йиғим-терим бошланган кундан бошлаб фаол қатнашмоқда. Биринчи теримга ҳам 1000 сўмдан берилаётганидан кейин қўшни ҳудудлардаги аҳоли вакиллари ҳам ўз ташаббуслари билан даламизга келиб пахта термоқдалар. Тўғриси, ўтган йилларда отряд раҳбарларига илтимос қилиб, раҳбариятнинг тегишли кўрсатмаси билан даламизга ҳашарчиларни олиб келган вақтларимиз ҳам бўлган эди. Айни кунларда отряд раҳбарлари телефон қилиб, эртага сизни хўжалигингизга бормоқчимиз, нечта одам олиб борай, дейишмоқда. Демоқчиманки, ҳашарчилар ўз ташаббуси билан даламизга келмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта.
Даромад топадиган мавсум
— Пахта терим мавсумида илк бор қатнашаяпман, — дейди туман марказидан келган ҳашарчилардан бири Интизор Сапарбоева. — Қўшниларимиздан эшитиб мен ҳам ушбу маҳалладаги терим отрядига қўшилдим. Дастлабки куни 50 килограмм тергандим 50 минг сўм пул олдим. Кейинги кунлари кўпроқ пахта териб, кеча 100 минг сўмга яқин пул олиб қайтдим. Жорий йилги пахта терими шаҳардаги ишсиз аҳоли вакиллари учун даромад топадиган мавсум бўлди, дейиш мумкин. Отрядимизда 130-150 килограмм ва бир уйдан бир неча киши бўлиб кунига 300-400 килограмм пахта тераётганлар ҳам бор. Бу кунига пахта теримида иштирок этаётган аҳоли шунча маблағ топаётганидан далолатдир.
Туман марказидан пахта теримига келиб кетишимиз учун барча шароитлар яратилган. Эрталаб автобусда келамиз, тушликда дала бошида иссиқ овқат, чой ташкил қилинган. Кечқурун ҳар ким терганига яраша пулларини олиб, яна теримчилар учун ажратилган махсус автобусда уйимизга етиб оламиз. Хуллас, билдимки, пахта йиғим-терими салгина меҳнат қилиб, далага чиққан кишига даромад топадиган мавсум бўлибди.
Экиш ва теришда тадбирли бўлмасанг, кутилган самарага эриша олмайсан
— Балиқчилар ибораси билан айтганда “ғалвирни сувдан кўтарадиган маҳал” яъни пахтачиликда экиш ва теришда тадбирли бўлмасанг, кутилган самарага эриша олмайсан, — дейди фермер хўжалигининг иш бошқарувчиси Бозорбой оға Пиримбетов. — Минг шукурки, ўтган йиллардагидек, эрталабдан туман марказига бориб далага теримчиларни жалб қилишдек машаққатли ишимиз бу йил осонлашди. Кўриб турганингдек далада теримчилар кўп. Энди уларга қулай шароит яратиш, терилган пахталарини ўз вақтида тарозида ўлчаб олиш, тушликда овқат бериш, кечки пайт ҳар бир ҳашарчи отрядларга терилган пахта пулларини бериш, ҳашарчиларнинг транспорт қатновини тўғри ташкил қилиш, ҳосилни пахта пунктига етказиш каби ташкилий ишларни режа билан ўз вақтида бажармасак, ишимиз орқага кетиши, мавсумнинг тиғиз кунларидан самарали фойдалана олмаслигимиз мумкин. Шунинг учун юқоридаги ишларни, яъни теримчиларга етарлича шароитлар яратиб, терилган пахталарни икки маҳал ўлчаб олишда қишлоқдаги барча йигитлар кўмак бераётган бўлса, “Беруний кластер” МЧЖ ва банк ходимлари терилган пахта пулларини ҳашарчиларга ўз вақтида етказиб беришга ёрдам беришмоқда. Бунинг учун салкам 250 тонналик пахта хирмонига ўз ҳиссасини қўшаётган барча масъул ходимларга, теримчи ҳашарчилар ва овул аҳлига фермер хўжалигимиз номидан миннатдорлик билдираман.
Ҳа, инсонларда меҳнатига яраша моддий манфаатдорлик бўлса, ҳар бир ишда юқори самарадорликка эришиш мумкинлиги жорий йилги пахта терим мавсумидан аён бўлмоқда. Ўйлаймизки, пахта-йиғим теримидаги бу самарадорлик тез кунларда ўз натижасини кўрсатади ва биз, шартномавий режаларини уддалаган илғор фермер ва туманларни саҳифамиз орқали ёритамиз.
Ғайратжон ОТАЖОНОВ.