Қорақалпоқ миллий қадриятлари хорижликларга намойиш этилди


Чимбой туманидаги Қизилўзак овул фуқаролар йиғинига қарашли Топе қишлоғига россиялик журналистлар ва киноижодкорлар ташриф буюрди. Мазкур қишлоқ ўзининг ажойиб табиати ва у ерда яшаётган аҳолининг қадимий урф-одат, анъаналарини яхши сақлаб қолгани билан меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

— Биз 10-15 сентябрь куни Қўқон шаҳрида ўтказилган халқаро ҳунармандлар фестивалига келган эдик. Сўнг Ўзбекистондаги энг ноёб, ҳали кўпчилик билмайдиган жойларга боришни ният қилдик. Тўғри, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари бой маданий меросга эга шаҳарлар. Лекин у шаҳарларни ҳамма билади. Шунинг учун қорақалпоғистонлик дўстларимиз ёрдамида Чимбойга ташриф буюрдик ва бу ерда биз ўйлагандан ҳам аъло манзарага дуч келдик, — дейди саёҳатни ташкил қилган россиялик санъатшунос Фатима Арифджанова. — Аввал бизга Топе қишлоғига етиб бориш қийин, йўллар асфальт­ланмаган, автотранспорт тупроққа ботиб қолиши мумкин, дейишганди. Бизга айнан шундай сафарлар завқ бағишлайди. Қорақалпоқ халқининг шундай бой тарихий маданий меросга эга эканлиги мени чексиз таажубга солди.

Нукус шаҳридан 90 км масофада жойлашган Топе қишлоғида хорижлик меҳмонлар ташрифи муносабати билан эрталабдан байрамона кайфият ҳукм сурди: ўтов тикилиб, унинг атрофида ҳунармандлар, усталар, ҳаваскор санъаткорлар, мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, қишлоқ аҳолиси миллий кийимларда тайёр бўлишди. Бахши, жировлар достонлардан парчалар ижро этиб, раққослар даврани қиздирди. Бир томонда аравада хотин-қизлар сайл этган бўлса, бир томонида хўроз уриштирилиб, миллий таомлар тайёрланди.

Топе қишлоғи тарихи

Топе қишлоғининг тарихи қизиқ. Айтишларича, бир пайтлари мазкур маконда касаллик тарқаб, халқ ҳар томонга кўчиб кетган. Фақат битта чақалоқ қишлоқдаги тепаликда қолиб кетади, Худонинг каромати билан бола омон қолиб, шу жойда улғаяди. Тепада қолиб кетган боланинг ҳурматига қишлоқ Топе (тепа) деб номланган.

Қишлоқни яна Ший (чий) овул ҳам деб номлашади. Чунки 40 та хонадондан иборат қишлоқда 20 га яқин хонадон айнан ший (чий, қамиш) тўқиш билан шуғулланар экан.

Чий тўқиш

Чий тўқишни қорақалпоқ халқи азалдан касб қилиб келган. Чийдан тўқилган мосламани ўтовнинг таркибий бир қисми сифатида керегенинг сиртидан ўрайди, эшигига тутади, тагига тўшайди, ҳовли девори сифатида фойдаланади. Тўқилган чийни уйнинг деразасига сиртидан парда қилиб қўйиш мумкин, шунингдек, қорақалпоқларда ҳозирда ҳам қамиш плитадан уй қуриш анъанаси давом этиб келмоқда. Бундай уйлар қишда илиқ, ёзда эса салқин бўлиб туради.

— Мен болалигимдан шу касб билан шуғулламан, ундан ташқари ўтов безайман, — дейди 60 ёшдаги онахон Абадан Иниятова. — Кўп болали оила онасиман. Ўн қиздан кейин бир ўғил кўрдик. Шу болаларимнинг ҳаммасини чий тўқиш касбим орқали катта қилдик, олийгоҳда ўқитдик. Жуда оғир меҳнат. 1 кунда 2 метр тўқийман. Метрини 15 минг сўмдан олишади. Яъни кунига 30 минг сўмлик иш бажараман.

Чимбой тумани 44-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Мийўагул Сатбаева ҳам чий тўқиш билан шуғулланар экан. У ушбу касб­ни 5 ёшида онасидан ўрганган. ­Мийўагул асосан ўтовларга чий эшик тўқир экан. Битта эшикни 2 ойда тугатаман, дейди. Бозорда нархи 500 минг сўмдан ортмайди. Унинг ҳам камида 100 минг сўмига керакли ип, буёқ, тўқиш мосламаларини сотиб олар экан.

Шундай кам даромадли ва оғир касб бўлса ҳам қишлоқ ҳунармандлари ота касбини давом эттириб келмоқда.

Ҳақиқий қорақалпоқларни кўргингиз келса,

Чимбойга келинг

Қорақалпоғистонни бурун Бешқала (бешта шаҳар) деб номлаган. Бешта шаҳарнинг ичига Чимбой диёри ҳам киритилади. Чимбой ўзининг эски бозорлари, тарихий қалъалари ва уломалари билан танилган. Машҳур қорақалпоқ шоири Ибройим Юсупов ҳам ушбу заминда таваллуд топган.

Чимбой тумани ҳақиқий қорақалпоқлар макони деб айтилади. Россиялик меҳмонларга ҳам миллий қадриятларни кўрсатиш мақсадида миллий таомлар сифатида жўхоридан гуртик ва зағара, кунжутдан ийжан (толқон) тайёрланди.

— Кунжутнинг қандай ўсишини ва ундан деликатес тайёрланишини биринчи бор кўришим. Таъмини унутиб бўлмайди. Аёллар навбатма-навбат қозондаги кунжутни айлантира бошлади. Болалар дарҳол нима қилишларини тушунишди ва атрофимизга ёпишиб олишди. Жараён узоқ, мураккаб, аммо унинг таъмини бошқа ҳеч бир таом билан солиштириб бўлмайди. Таркиби кунжут, нон увоғи ва шакардан ташкил топган. Жийда пишган пайтда шакар ўрнига жийдани солади. Барчаси табиий.

Жўҳори тўплаш ва ундан ун тайёрлаш жуда қийин жараён. Умуман олганда, бу таомларни ҳар ким синаб кўриши керак ва албатта Ўзбекистон халқлари ошхонасида алоҳида саҳифа сифатида ажратиб кўрсатилиши керак. Бу мен учун қорақалпоқ ошхонасидаги хилма-хил таомларининг кашфиёти эди, — дейди кунжутдан ва жўҳоридан таомлар тайёрлаш жараёнига гувоҳ бўлган меҳмон Фатима Арифджанова.

Зоғара нони таъми ҳамманинг оғзида қолиб кетди. Зоғара жўҳори унидан ишланади. Дастлаб тегирмонга дон тортилади. Унга қовоқ, сабзи каби полиз маҳсулотлари қўшилади ва тандирда ёпилади. Зағара нони буғдой нонга нисбатан анча тўйимли ва калорияли ҳисобланади.  Ярим зағара нон еган киши бутун кун давомида ўзида тўқликни ҳис қилади ва чарчамасдан ишлай олади. Жўҳори гуртик ҳам шундай. Уни тайёрлашда асосан кўрка товуқ гўштидан фойдаланилади. Жўҳори гуртикнинг психологик аҳамияти ҳам катта. Чунки уни тайёрлаш мураккаб жараён. Уни кўпчиликнинг кўмаги билан тайёрлаш талаб қилинади. Бу эса таом тайёрлашда жам бўлган одамларнинг тотувлигини таъминлайди, яъни қорақалпоқча айтганда, оғизбирчиликни мустаҳкамлайди.

Жўҳори донида А ва Д витаминлари, крахмал, белок каби моддалар кўп бўлгани сабабли қишнинг совуқ кунларида одамларни совуқдан сақлайдиган ферментларни беради. Шу боис жўҳори гуртик асосан куз-қиш ойларида кўпроқ тайёрланади.

Меҳмонларни жуда ажаблантирган яна бир нарса – хўроз уриштириш ва улоқ ўйини бўлди. Улоқ ўйини пайтида хорижлик меҳмонлар камералари билан тўдаларнинг ораларигача кириб кетди. Кечки пайтда мол подаси, йилқи ва туялар тўдаси қишлоққа кириб келганда ҳақиқий мўъжизавий манзара ҳосил бўлди. Меҳмонлар бундай манзарадан фақат қониқиш ҳиссини туяр эди.

Е.Қанаатов,

М.Ҳабибуллаев

олган сурат.