Ноанъанавий тарғибот тадбири


Маълумки, шу йилнинг 20 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайлов кампанияси бошланганини расман эълон қилди. Бу йилги сайлов халқимизнинг кайфияти ва ислоҳотларга ишончи ортиб бораётган бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ўтади. Шунинг учун сайловчилар сиёсий партиялардан қатъий таклиф ва ташаббуслар кутяпти. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бу жараёнда юксак масъулиятни зиммасига олиб, сайлов кампаниясига киришмоқда.

Яқинда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси асосида Нукус шаҳар “Истиқлол” болалар дам олиш боғида партиянинг сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Партия сайловолди тадбирларни, бутунлай янгича шаклда ўтказишга интилмоқда. Хусусан, тарғибот тадбирларини зерикарли, бир томонлама маъруза шаклида ташкил этишдан воз кечиб, эркин мулоқот ва фикр алмашиш усулида ўтказишга жазм қилди.

“Ишончли ижтимоий ҳимоя-барқарорлик таянчи!” шиори остидаги тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли тарзда очиқ майдонда ўтказилди.

Партия, биринчи навбатда, давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий ҳимоясига муҳтож аҳоли вакилларининг манфаатларини ифода этиши, ижтимоий тенглик ва адолат, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғоялари учун курашишини таъкидлади.

— Биз ёшлар мамлакатимиздаги сиёсий жараён­ларга бефарқ эмасмиз. Шунинг учун ҳам ушбу тадбирга дўстларимиз билан бирга келганмиз, — дейди талаба Азиза Қидирбоева. — Бугунги тадбир янгича шаклда ўтаётгани айниқса, ҳар хил викторина ва лотерея ўйинларининг ташкил этилиши иштирокчиларни зериктирмади.

Машҳур эстрада хонандалари чиқишлари ёшларга кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.

Турли ноанъанавий чиқишлар,  лотарея  ўйинлари ғолибларига совғалар берилди.

М.Пирниязова,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон

Республика Кенгаши Матбуот котиби.