Бир неча йиллардан буён юртимизда 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинади. Шу куни бизга сабоқ берган, ҳаёт сўқмоқларидан одимлаб боришимизда устозлик қилган ва бу вазифани улкан шараф билан адо этаётган инсонларни касб байрамлари билан табриклашга ошиқамиз. Мана бу йил ҳам байрамни ана шундай ҳаяжон билан нишонладик.
Жамиятнинг бугуни ва келажаги унинг маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланишини барчамиз яхши биламиз.
Таълим-тарбия тизимидаги деярли барча ислоҳотларнинг муваффақияти эса шубҳасиз ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқдир. Устоз деганда ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари билан бирга ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.
Муаллим шундай мўътабар улуғ зотки, унинг номи ҳам умри ҳам барҳаётдир. Ҳар доим шу номни тилга олсам, кўнглимда фақат илиқ ёрқин хотиралар гавдаланади. Юртимизда устозларга қаратилаётган ҳурмат-эҳтиром юксак эътиборнинг юқори даражада эканлигидан мамнун бўлиб кетаман.
Жумладан, юртбошимиз ўқитувчиларнинг маошини ва жамиятдаги мавқеини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Шу боис ҳам Ватанимизнинг буюк келажагини яратиб беришда ўз ҳиссасини қўшаётган жамиятнинг турли соҳаларида етакчи ўринларда бўлган мутахассислар етишиб чиқмоқда. Ушбу меҳнат ва машаққатнинг самараси ўлароқ, бугун жаҳонда Ўзбекистоннинг нуфузи бағоят юксак поғонага кўтарилмоқда.
Мамлакатимизда устозларимиз фақат касб байрамлари эмас, балки доимо, ҳар он, ҳар дақиқада эъзозланади. Устозни эъзозлаш биз ёшлар учун олий қадрятдир.
Нилуфар Аликулова,
НДПИ талабаси.