Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида сайлов иштирокчиларини халқаро кузатувчилар ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўзаро муносабатларга тайёрлаш масаласига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Марказий сайлов комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Марказий сайлов комиссияси, халқаро кузатувчилар ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан ишлашиш бўйича штаб фаолиятида қатнашувчи давлат органлари, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари, республика маслаҳат гуруҳи аъзолари, сиёсий партиялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Е.Джуманазаров бошқариб борди.
Республика маслаҳат гуруҳи аъзоси Ф.Маликов, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тренерлари А.Камилов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси С.Қудайбергеновлар сўзга чиқиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлардан ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувтчилар тўғрисида”ги Режанинг мазмун-моҳияти, сайловга қатнашувчиларнинг билим ва малакаларини ошириш масалаларига тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, 2019 йил 22 декабрь — мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларига сайловлар куни деб белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг “Сайлов тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ 2019 йил 20 сентябрдан сайлов кампаниясининг бошланганлиги эълон қилинди.
Сиёсий партиялар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари шунингдек, бошқа давлат ва халқаро ташкилотлардаги кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссия томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширадилар. Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари ҳақида сайлов комиссияларига камида ўн беш кун олдин ариза билан маълум қилади. Ариза олингандан кейин беш кун ичида сайлов комиссияси кузатиш учун мандат беради.
Тадбирда бўлажак сайловни ташкилотчилик билан ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди ҳамда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.