Ўқитувчи ва мураббийлар улуғланди


Жорий йил 30 сентябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Тадбирни Нукус шаҳар ҳокими П.Турешов бошқариб борди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ­Раиси М.Ерниязов йиғилганларни касб байрами билан табриклади ва  Ўзбекистон Республикаси Президенти ­Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Таъкидланганидек, барчамизга билим ва ҳаёт сабоғини берган жонкуяр, фидойи ўқитувчи устозларимизга ҳар доим чуқур ҳурмат кўрсатиб, чин юракдан таъзим қиламиз.  Бугунги мураккаб бир даврда болаларимизни келажакка тайёрлаб, соғлом ва етук инсонлар қилиб камолга етказиш, бу ўқитувчи меҳнатининг асосини ташкил қилади.

Ўтган қисқа даврда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтиш, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, нодавлат таълим хизматини кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда бутун эл-юртимизнинг қизғин қўллаб-қувватлаши билан мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиб бормоқда.

Буюк олимларимиз, таниқли шоир ва ёзувчиларимизнинг номи билан аталувчи ижод ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари каби бутунлай янгича намунадаги замонавий ва инновацион таълим масканлари ана шу мақсадга хизмат қилади.

Таълим ва тарбия масаласига комплекс ёндашилиб, мактабгача таълим билан бирга олий таълим тизимини ҳам узлуксиз ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг ўзида 49 та болалар боғчасида 90 миллиард сўмлик, 95 та умумтаълим мактабида 167 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари, 4 та  болалар мусиқа ва санъат мактабида, 7 та спорт объектида 52,2  миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, Нукус давлат педагогика институти, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида умумий қиймати 141 миллиард сўмдан ортиқ қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллий бюджет ҳисобидан умумтаълим мактабларининг моддий-техник базаси ва инфратузулмасини мус­таҳкамлаш мақсадида 150,5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ўқувчи-ёшларимиз бир қатор ютуқларни қўлга киритиб келмоқда. Жумладан, Жанубий Африка давлатида ўтказилган халқаро математика олимпиадасида чимбойлик Дамир Дилмуратовнинг бронза медалига сазавор бўлиши, кураш турлари бўйича Қозоғистонда ўтказилган Жаҳон чемпионатинда  қораўзаклик Жалғас Бердимуратовнинг ғолиб бўлиб, келгуси йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига йўлланма ­олиши, дзюдо бўйича Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада амударё­лик Шарапатдин Балтабаевнинг биринчи ўринни эгаллаши, қиличбозлик бўйича Марказий Осиё чемпионатида Нукус шаҳридан Зайнаб Дайибекова олтин медални, Айсулиў Уснатдинованинг бронза медалини қўлга киритгани, самбо бўйича Ҳиндистон давлатида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Нукус туманидан Аман ­аниевнинг олтин медал билан тақдирлангани — бу ҳар биримиз фахрланадиган вақеалардир.

Касб байрами муносабати билан юртимизда таълим соҳасини ривожлантириш, чуқур билим ва замонавий касб-ҳунарга эга етук кадрларни тайёрлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, эркин фирклайдиган, иқтидорли, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, уларни ватанпарварлик, миллий  ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги катта хизматлари учун бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг фахрий унвонлари, орден ва медаллари, «Ватан фидойиси» кўкрак нишони билан мукофотланган эди. Тадбирда соҳа фидойиларига Қорақалпоғистон Республикасининг фахрий унвонлари тантанали равишда топширилди.

Мукофотланганлар номидан Чимбой туманидаги 14-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси,  «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Г.Романова, Нукус шаҳридаги 46-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқитувчиси, «Шуҳрат» медали соҳиби К.Ешимбетова, Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти кафедра мудири, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Ш.Юлдашева, шунингдек, Ўзбекистон Миллий академик театрининг актрисаси, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Г.Закировалар сўзга чиқиб,  таълим соҳасига қаратилаёт­ган алоҳида эътибор учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдиришди.

Тантанали йиғилиш республикамиз санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.