ТИЛ ТАРАҚҚИЁТИГА ДАХЛДОР ТАРИХИЙ ҲУЖЖАТ


Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Миллатнинг бирламчи белгиси унинг тилидир, шу сабабли ҳам тилини йўқотган миллат, шубҳасиз, ўзлигини ҳам йўқотган ҳисобланади. Тил тараққиёти ҳам жамият тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, тил давлат томонидан ҳуқуқий муҳофазага олингандагина у ҳақиқий равнақига эришиши мумкин. Кейинги йилларда ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, давлат тили масаласига эътиборнинг кучайтирилиши халқимизнинг дилидаги истакларининг амалга ошишидир.

Жорий йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг қабул қилиниши ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.

Мазкур қарорда «Дунёдаги қадимий ва  бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва  мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир»,  деб алоҳида таъкидланади.

Мазкур тарихий ҳужжатда ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва  юксак мақомга эга бўлганлиги, ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида — давлат ва  жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва  санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграётганлиги эътироф этилади.

«Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи  — миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва  нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва  адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди»,  — дея қайд этилади ҳужжатда.

Ушбу сана муносабати билан мамлакатимизда янгитдан ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши, шунингдек, барча таълим муассасаларида тил байрамига бағишланган адабий-маърифий кечалар ҳамда янги китоблар тақдимотини амалга ошириш назарда тутилган.

Мазкур ҳужжатга кўра 21 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги санъат саройларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирлари ташкил этилади.

Ушбу санага бағишланган байрамона тадбирлар мамлакатдаги барча шаҳар ва  туманларда ўтказилиши белгиланган. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танлови ўтказилади. Мамлакатдаги театрлар ва  кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломалар ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиш  этилади.

«Ўзбек тили тараққиёти ва  халқаро ҳамкорлик масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари» мавзусида республика конференцияси ўтказилади.

21 октябрь куни ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийга Тошкентдаги Миллий боғда, шунингдек, вилоят ва  шаҳарларда ўрнатилган ҳайкаллар пойига гул қўйиш маросими уюштирилади.

Мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва  дипломатик ваколатхоналарида ҳам ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирлари ўтказилади ва  «Ўзбек тилининг дўстлари» клублари ташкил этиладиган бўлди.

Биринчи маротаба қонун қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури Қарор билан тасдиқланди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур муҳташам ҳужжат ўтган 30 йиллик тарихимиз давомида илк бора Президент қарори билан эълон қилиниши, миллий тилимизга бўлган эътибор, ёшларимизнинг она тилига бўлган ҳурматининг юксалишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, Республикамизда мустақиллик эълон қилинмасдан олдин содир бўлган энг муҳим тарихий воқеа, шубҳасиз, бу — Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг эълон қилиниши эди.

1989 йил 21 октябрда республика аҳолисининг хоҳиш иродасидан келиб чиқиб Давлат тили ҳақида Қонун қабул қилинди. 1995 йил 21 декабрда эса Қонун матни қайта таҳрир қилинди. Мазкур Қонун бир томондан ўзбек тилининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаб, унинг такомиллашувига ва равнақ топишига кенг имконият яратиб берган бўлса, иккинчи томондан бошқа миллат вакиллари тилларининг муомалада бўлиш даражасини белгилади ва кафолатлади.

Жумладан, Қонуннинг 3-моддасида шундай дейилади: «Тилнинг Қорақалпоғистон Республикасида амал қилишига боғлиқ масалалар шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ушбу Қонун тилларнинг турмушда, шахслараро муомалада ҳамда диний ва ибодат билан боғлиқ удумларни адо этишда қўлланишини тартибга солмайди. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар».

Қонун барча миллатлар ва уларнинг тилларини тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Бирор миллат вакиллари зич яшайдиган ҳудудда мазкур миллат тилининг ҳам давлат тили билан тенг ҳуқуқда истеъмолда бўлиши мазкур Қонун билан кафолатланган. Бу хусусда Қонуннинг 8-моддасида шундай дейилади: «Муайян миллат вакиллари зич яшайдиган жойларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари республика давлат тилида ҳамда мазкур миллат тилида қабул қилинади ва эълон қилинади».

Давлат тили ҳақидаги Қонун ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш ва уни ҳуқуқий муҳофазага олиш билан бирга миллатларнинг ўзаро тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш тамойилига асосланганлиги билан аҳамиятлидир. Қонуннинг охирги 24-моддасида Давлат тилига ва бошқа тилларга фуқароларнинг муносабати масаласига алоҳида этибор қаратилиб, шундай дейилади: «Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш таъқиқланади. Фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувоффиқ жавобгар бўладилар».

Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўзаро иноқ, тотувликда яшаб келмоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини 12 тилда намойиш этмоқда, 10 дан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда. Мамлакатимизда этник ўзига хосликни ривожлантиришда 137 та миллий маданий марказ, 34 та дўстлик жамиятлари муваффаққиятли фаолият юритиб келмокда.

Таъкидлаш лозимки, Давлат тили тўғрисидаги Қонуннинг энг аҳамиятли томони, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ўзбек тилининг ва Ўзбекистондаги бошқа миллат вакиллари тилларининг амалда бўлиш мақомини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатласа, иккинчи томонидан ҳар йили тил байрами арафасида жамоатчилик эътиборини тил масалаларига қаратишга имкон яратади.

Бугунги кунда ижтимоий ҳаётимизда давлат тили билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун тилга янгича ёндашувни талаб қилади. Бу борада кенг кўламли илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат грантлари эълон қилиш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш орқали муайян натижаларга эришиш мумкин.

Ўйлаймизки, етишиб келаётган янги авлод бу каби камчиликларни барҳам топтиради. Улар тилимизнинг гўзаллигини, бутун жозибасини жамият талабларига мослаштирган ҳолда келажак авлодга бекаму кўст етказишига умидвормиз.

Яна бир бор байрамларингиз муборак бўлсин.

Қувондиқ Қодиров,

Нукус ДПИ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори

Филология фанлари номзоди, доцент.