Юртимизда ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг энг асосий ва устувор йўналишидир. Шу боисдан биз ёшлар бизнес, илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва спорт соҳаларида оламшумул муваффақиятларга эришмоқдамиз. Албатта, ёшларнинг комил инсон бўлиб вояга етишида таълим соҳасининг ўрни беқиёс.
Дарҳақиқат, жамиятнинг бугуни ва келажаги унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақияти эса ўқитувчи ва устозларга боғлиқдир. Мамлакатимизда кейинги вақтларда ўқитувчининг ижтимоий мақомини кўтариш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, спорт мураббийлари ҳам ҳудди ўқитувчилар сингари катта маҳорат ва ҳаёт тажрибасига эга бўлган устоз-педагоглардир. Мураббийлар ёшларни меҳнатсеварлик ва иродали бўлишга ўргатадилар.
Мен жисмоний тарбия ва спорт соҳасида таълим оламан. Менинг ютуқларим замирида фан ўқитувчилари билан бир қаторда спорт мураббийларининг ҳам ўрни катта эканлигини ҳар доим ҳис қилиб тураман.
Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус, ёшларнинг орзу-интилишлари, қобилиятлари ва мақсадларини амалга оширишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Айни шу ташаббуслар доирасида нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон минбарида давлатимиз байроғини баланд кўтараётган ёшлар талайгина. Фикрим исботи сифатида айтишим мумкинки, нафақат ўзим таҳсил олаётган Нукус давлат педагогика институти жисмоний тарбия факультети, балки бошқа 9 та факультет талаба ёшларининг муваффақиятлари ҳам ниҳоятда кўп.
Бу ютуқ ва марралар бизга меҳрини бериб, зиё тарқатаётган мўътабар устозларимиз меҳнати маҳсулидир.
Устозларимизнинг биз ёшларнинг қалбига она ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, турли таҳдидлардан асраш, комил инсон бўлиб вояга етишимиз йўлидаги беқиёс хизматларини ҳамиша қадрлаймиз.
Дилдора Қурбонова,
НДПИ Жисмоний маданият факультети
2-босқич талабаси.