Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан берилган маълумотларга қараганда, қўмитанинг назорат қилиш инспекцияси ва биохилмахиллик ва муҳофаза қилинадиган табиий худудлар масалалари бўйича давлат инспекторлари жойларда навбатдаги рейд назорат тадбирларини ўтказди.
Рейд давомида, Мўйноқ туманида истиқомат қиладиган С.Р, ва Ш, Б лар ўзларининг қўлбола эшкакли қайиғи ёрдамида, туманнинг “Қозоқдарё” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтадиган дарёдан 8 дона судак, 1 дона сазан, 1 дона леш ҳамда 172 дона оқ балиқларни ноқуниний овлаган жойида ушланган.
Бу фуқаролар юқоридаги ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш ҳақида”ги қонуннинг 35-моддаси бандларини бузган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигидан 2006 йил 2 майда рўйхатдан ўтган “Ов ва балиқ овлаш” қоидасида Амударё ва Сирдарёдан ов тузоқлари ёрдамида балиқ овлаш ман этилиши кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрь кунги 290-сонли қарорининг 14-иловасига кўра бу фуқаролар табиатга 78 миллион 785 минг 900 сўм зарар келтиргани аниқланган.
Ушланган балиқлар Қорақалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Чимбой тумани бўлими томонидан фойдаланишга яроқли деб топилиб, хайр-саҳоват тарзида Чимбой туманидаги “Меҳрибонлик уйи”га топширилди.
Тўпланган маълумотлар прокуратура органларига юборилди.
Ана шундай рейд тадбирлари Беруний туманида ҳам ўтказилган.
Қўмитанинг Беруний тумани инспекцияси биохилмахиллик ва муҳофаза қилинадиган худудлар бўйича давлат инспекторлари томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида, Беруний тумани “Қизилқалъа” МФЙ ҳудудида бир неча фуқаролар 1 дона “УАЗ” ҳамда 3 дона “Газ 53” русумли автотранспортларда саксовул ўсимлигини ноқонуний олиб кетаётганлиги аниқланди.
Уларнинг табиатга келтирган зарари 4 миллион 183 минг 480 сўм бўлиб, бу фуқароларга тегишли миқдорда жарима белгиланди.
Рейд ишлари давом этмоқда.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.