Оролга бағишланган экологик марафон


Орол муаммосига бағишланган олий даражадаги конференция олдидан Нукус шаҳрида “ARAL MARATHON” халқаро экологик марафони бўлиб ўтди.

“Биз келажак учун масъулмиз” шиори остидаги марафон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  қўллаб-қувватлаган ҳолда  Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекис­тон Миллий Олимпия қўмитаси, Енгил атлетика федерацияси, Миллий гвардия ва бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган бўлиб, унда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидан икки мингга яқин ёшлар иштирок этди.

Ҳафталик марафонни ўтказишдан асосий мақсад ёшлар орасида экологик тарбияни ривожлантириш, спортни кенг тарғиб этиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳудудда экологик муаммоларни бартараф этишдан иборат.

— Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудида, шунингдек, Мўйноқ туманида амалга оширилаётган тадбирларга спортчиларимиз ҳам ўз ҳиссаларини қўшишни мақсад қилган, — дейди Ўзбекистон Енгил атлетика федерацияси бўлим бошлиғи, миллий даражадаги ҳакам  Ҳасанбой Ортиқов. — 17 октябрь куни Тошкент шаҳрида старт берилган марафон Самарқанд, Бухоро, Урганч шаҳарларида,  шунингдек, Нукус шаҳри ва Мўйноқ туманида юқори даражада ўтказилди. Бундан ташқари, жойларда маҳаллий ҳокимликлар томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари, концерт дастурлари бўлиб ўтди.

Марафон якунида ғолиблар аниқланди. Ўғил болалар орасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси, Қуватжон Абдимуратов, қизлар орасида Нукус Олимпия заҳиралари коллежи ўқувчиси Асалай Жумабаева финишга биринчи бўлиб етиб келди.

Ғолибларга ҳомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.