Нукусда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан «Бош мақсадимиз-халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш» шиори остида сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Х.Ешимбетов, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ш.Уснатдинов, “Қорақалпоғистон тонги” газетаси Бош муҳаррири Н.Матякубова, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори С.Қайипназарова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик, сайловларнинг юртимиздаги демократик жараёнларни жадаллаштиришдаги аҳамияти, партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган асосий ғоя ва вазифаларга тўхталишди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда одамларнинг дунёқараши, онгу тафаккури, ҳуқуқий маданияти, сиёсий фаоллиги, ислоҳотларга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Халқ демократик партияси мана шундай янгиланиш ва тараққиёт йўлини танламокда.
— Тадбирдан кўзланган мақсад, партия сайловолди дастурининг асосий йўналишларини аҳолига етказиш ва бўлажак сайловларда аҳолининг, жумладан, ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашдан иборатдир, — дейди партия фаоли Айша Матниязова. — Бунда асосий эътибор аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса ёшлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг юқори сифатини таъминлаш, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишидаги вазифаларга қаратилади.
Тадбир доирасида сайловга оид савол-жавоблар викторинаси ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди.
Йиғилганларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Қ.Х.А.