Нукусда O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Биргаликда биз кучмиз!” шиори остида “Ойдин келажакка O’zLiDeP билан бирга қадам қўямиз” номли сайловолди тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг масъул ходими А. Алимов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси С.Турмановлар таъкидлаганидек, сайлов кампанияси сиёсий партиялар учун энг муҳим ва масуълиятли жараёндир. Жорий йилги сайловлар биринчи марта Сайлов кодекси, шу асосда қабул қилинган Қорақалпоғистон Республикасининг “Сайлов тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, демократик принциплар асосида ўтиши билан бирга, сиёсий партиялар олдига бир қатор масъулиятли вазифаларни қўяётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Сайловларда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси янгича ғоя ва ташаббуслар билан иштирок этмоқда. “Мамлакатда ислоҳотлар аввало инсонга хизмат қилиши керак”. Партиянинг ғоявий мақсад ва вазифаларини аҳолининг кенг қатламларига, айниқса, ёшлар онгига сингдириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилаётган турли акция ва тарғибот тадбирларида мана шу ташаббус илгари сурилмоқда.
— Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, шу орқали янги иш ўринларини яратиш O’zLiDeP партиясининг асосий вазифаларидан биридир, — дейди “Гули мед” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулайим Хожамуратова. — Ўзимнинг хусусий клиникамни очиш учун банкдан имтиёзли 300 миллион сўм кредит олишда партия ёрдам берди.
Тадбир давомида санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди. Сайловолди тарғиботи доирасидаги бундай тадбирларни республикамизнинг барча туманларида ўтказиш режалаштирилган.