Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида шу йилнинг 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик жараёнига бағишланган брифинг ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар қатнашди.
Қорақалпоғистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси раиси Е.Джуманазаров бўлажак сайловларга тайёргарлик хусусида тўхталиб ўтди.
Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича 8 та, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига 65 та, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга 425 та сайлов округи тузилди. Жорий йилги сайловлар “Янги Ўзбекистон – Янги сайловлар” шиори остида биринчи марта халқаро стандартлар ҳамда тамойиллар бўйича қабул қилинган Сайлов кодекси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси “Сайлов тўғрисида”ги Қонуни асосида ўтказилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида яратилган шароитлар билан танишди.
Сайловларни шаффоф ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари ходимларининг хизмати алоҳида , — дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Абдулла Ембергенов. — Шу боис, бугунги анжуманда сайловга тайёргарлик жараёни ва сайлов куни амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди ва вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.