Шу йил 9 ноябрь куни Нукусдаги кино-концерт залида Тиббиёт ходимлари куни байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Таъкидланганидек, инсон қадр-қимматини улуғлаш ва унинг саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор, тиббий хизмат кўрсатишнинг сифат даражасини янада яхшилаш, жаҳон тиббиёт амалиётида эришилган ютуқлар ва илғор технологияларни кенг татбиқ этиш, етук кадрлар тайёрлаш, нодавлат секторни ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолига сифатли дори-дармонларни етказиб беришда алоҳида ўрин тутмоқда.
Бу борада албатта, Президентимиз томонидан соҳага оид бир қатор муҳим фармон ва қарорларнинг қабул қилингани, давлат дастурларининг ишлаб чиқилгани юртимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бугунги кунда бирламчи тиббий-профилактика, шошилинч ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишнинг сифатини яхшилаш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда катта лойиҳалар асосида оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, улар орасида учраётган касалликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш, халқ табобати соҳасини тартибга солиш, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бугунги куннинг асосий вазифаларидан саналади.
Юртимизда йил сайин тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари ҳамда халқимиз учун қулай шароитлар яратиб бериш давлатимизнинг диққат-марказида турган асосий масалалардан биридир. Жорий йилнинг ўзида Инвестиция дастури асосида 12 та соғлиқни сақлаш объектида 61 миллиард сўмлик, ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан 34 та объектда 32 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Жумладан, Нукус шаҳрида, Мўйноқ, Қонликўл, Элликқалъа ва Нукус туманларида 7 та объект янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Тошкент педиатрия институти Нукус филиалининг янги ўқув биносида 38 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шулар билан бир қаторда республика даволаш муассасалари ва туман тиббиёт бирлашмаларини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Соҳа ходимларининг фидокорона хизматлари ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида муносиб баҳоланиб келинмоқда. Жумладан, юртимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами муносабати билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиали 1-жонлантириш бўлими бошлиғи Ким Виталий Яковлевичнинг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони, Қорақалпоғистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ҳамшираси Тамара Ешанованинг “Дўстлик” ордени, Қорақалпоғистон Республикаси силга қарши курашиш диспансерининг бош шифокори Примқул Назиров, Шўманой тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари, кўп тармоқли марказий поликлиника раҳбари Саткелди Адакаевларнинг “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони билан тақдирланганликлари бунинг ёрқин мисолидир.
Тадбирда бир гуруҳ соҳа ходимларига “Ардоқли нуроний” ҳамда “Ватан фидойиси” кўкрак нишонлари топширилди.
Иштирокчиларга санъат усталари ижросидаги байрам концерти намойиш қилинди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамроев қатнашди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.