Жорий йилнинг 3 ноябрь куни таниқли олим, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳусниддин Ҳамидов 85 ёшида вафот этди.
Ҳ.Ҳамидов 1935 йил Чимбой туманида туғилди. 1955 йил икки йиллик ўқитувчилар институтини тамомлаб, ўзининг меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлади.
1956-1995 йиллар оралиғида “Қорақалпоғистон” нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида илмий ходим, сектор раҳбари, Тил ва адабиёт институтининг бўлим мудири, Қорақалпоқ давлат университети ўқитувчиси, “Араб филологияси” кафедраси бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилди.
У 1995-1999 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида фаолият юритиб, 1999-2002 йиллар оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги дин ишлари бўйича вакил лавозимида фаолият кўрсатди.
Ҳ.Ҳамидов 2003 йилдан бошлаб 5 йил давомида Қорақалпоқ давлат университети қошидаги Қорақалпоқ тили ва адабиёти бўйича докторлик диссертацияси ҳимоя қиладиган Ихтисослаштирилган Кенгашга раҳбарлик қилди.
2008 йилдан кейинги давр ичида Қорақалпоқ давлат университети “Туркий филологияси” кафедрасининг профессори сифатида ёшларга устозлик қилди.
Ҳ.Ҳамидов илм-фанга бўлган ўзига хос қизиқиши натижасида 1967 йил “XVIII-XIX асрлардаги Қорақалпоқ ҳуқуқий ҳужжатларининг тили ва унинг ҳозирги замон қорақалпоқ тилига алоқаси” мавзусида номзодлик, 1990 йил “XIX аср ва ХХ аср бошидаги қорақалпоқ тили” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади.
У 60 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида қорақалпоқ тили тарихининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган кўпгина монография ва китоблар ёзди, оммавий ахборот воситаларида ўзининг қимматли фикрлари билан чиқди, илмий анжуманларда фаол иштирок этди.
Ҳ.Ҳамидов қорақалпоқ тилининг тарихи бўйича муҳим масалаларни тадқиқ қилиш билан бирга, Хоразм ва қорақалпоқ халқларининг тарихига оид қимматли асарларни араб тилидан қорақалпоқ тилига таржима қилди. Бердақ, Ажиниёз шоир асарларининг араб имлосида ёзилган нусхаларини топишга муносиб ҳиссасини қўшди.
У илм-фан йўлидаги юксак муваффақиятлари учун 2000 йили Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги бўлиб сайланди.
Ҳ.Ҳамидов ёшларни етук кадрлар қилиб тайёрлашга, улар орасидан таниқли олимлар етишиб чиқишига салмоқли ҳисса қўшди.
Ҳ.Ҳамидовнинг илм-фанни ривожлантиришга қўшган хизматлари юксак баҳоланиб, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвони ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Халқимиз фаровонлиги учун фидокорона меҳнат қилган қадрли, камтарин инсон, етук олим, ибратли устоз Ҳусниддин Ҳамидовнинг ёрқин хотираси халқимиз ёдида узоқ сақланиб қолади.
М.Ерниязов, Қ.Сариев,
А.Хамраев, Д.Қурбаниязов, А.Реймов, Ш.Уснатдинов, П.Торешов.