Юксакларда ҳилпираган Ўзбекистон байроғи


Нукус шаҳрининг марказий майдонида мамлакатимиз давлат байроғи қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Байрам марказий кўча бўйлаб байроқларимизни баланд кўтарган миллий гвардия отлиқ аскарлари, автомото ва велоспортчиларнинг саф тортиб юриши билан бошланди.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Шундан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамроев сўзга чиқиб, йиғилганларни мустақил юртимиз тарихидаги қутлуғ сана – давлат байроғи ҳақидаги Қонун қабул қилинганлигининг 28 йиллиги билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклади.

Таъкидланганидек, ҳар бир инсонни катта ишларга руҳлантиришда, қалбларда миллий ғурур туйғуларини уйғотишда давлат рамзлари муҳим ўрин эгаллайди. Жумладан, давлатимиз байроғи яхшилик, донишмандлик, поклик, садоқат, гўзаллик, тинчлик, янгиланиш каби тушунчаларни ўзида мужассам этиши  билан алоҳида аҳамиятга эга.  Шундай экан, юртимиз байроғини кўз қорачиғидек асраш, уни улуғлаш ва юксакларга кўтариш ҳар биримизнинг Ватан олдидаги бурчимиздир.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг нишонланаётган давлатимиз байроғи қабул қилинган кун мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, тараққиёт йўлимизни белгилашда ишончли қадам бўлиши билан бирга, халқимизнинг эркин ва озод, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши, буюк келажак сари катта ишончни ифода этган кун сифатида қалбимизда мустаҳкам жой эгаллайди. Айниқса, юртимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, юксак муваффақиятларга эришилаётган, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида нуфузи ошиб бораётган сўнгги йилларда бу куннинг аҳамия­ти янада ортиб бормоқда. Ёшларимизнинг халқаро тадбирларда, спорт мусобақаларида юртимиз байроғини баланд кўтариши ҳар бир ватандошимизнинг кўнгилига фахр ифтихор туйғуларини бағишлайди.

Тадбирда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг директори, Ўзбекистон халқ артисти М.Азизов, республика Маънавият ва маърифат маркази  Қорақалпоғистон бўлими раиси Қ.Юсупов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти С.Утебаев йиғилганларни давлатимиз байроғи қабул қилинган кун билан қутлади.

Байрам иштирокчиларига санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Д.Абибулаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.