БУГУНГИ ЎҚИТУВЧИ жамиятда ўз ўрнига эга


 

Айни кунларда юртимиз бўйлаб энг улуғ, энг азиз айём — давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу галги янги ўқув йилининг бошланиши арафасида бўлаётган янгиланишлар, ўқитувчиларга кўрсатилаётган эътибор ҳар бир педагогнинг қалбига янада жўшқинлик, байрамона руҳ, фахр-ифтихор бағишламоқда.

Улуғ айёмга янада кўтаринкилик бахш этган тарихий воқеанинг бири бу — Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинишидир.

Мазкур қарорда таълим тизимида бир қанча муаммолар сақланиб қолинаётганлиги,  хусусан, ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузи пасайиб кетганлиги, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслиги ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялаш ҳамда мустақил дунёқарашини шакллантириш борасида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётганлиги билдирилган.

Мен ўқитувчилик фаолиятимни бошлаганимга ўн йилча вақт бўлди. Ўтган йиллар давомида қарорда келтирилганидек, ўқитувчи ва мураббийларнинг асосий вазифаси иккинчи даражада қолиб, уларнинг ижтимоий ­мавқеи ва нуфузи пасайишига сабаб бўладиган тадбирларга жалб қилинганига гувоҳ бўлганман. Шунингдек, йиллар давомида халқ таълими тизимида ёш авлодга самарали билим беришни мақсад қилиб шунақанги “такомиллаштириш” ишлари олиб борилганки, натижада ўқитувчининг ўқувчиларга дарс беришга вақти деярли қолмаган. Агарда, ўқитувчи талаб даражасидаги ҳисоботлар, ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштирса, сифатли дарс ўтолмасди, дарсни аъло даражада ўтишга ҳаракат қилса, аксинча қилинган ишларни ҳужжатлаштиришга жисмоний жиҳатдан вақт етмасди.

Юқорида келтирилган қарорда “Умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъиян тақиқлансин”, — дейлади. Бу — эндиликда ўқитувчилар қоғозбозликка сарфлайдиган вақтини ўқувчиларга сифатли билим беришга бағишлайди, деганидир. Шунингдек, қарорга мувофиқ халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш ҳам  тақиқланди.

Тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги ­босқичга кўтариш, ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш мақсадида бир қатор имтиёзлар жорий қилиниб, педагогларнинг иш ҳақлари оширилмоқда. Унга кўра 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга ойлик маоши оширилиши белгиланган. Шунингдек,  2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга иш ҳақлари оширилиши назарда тутилган.

Эътиборлиси, Президентимизнинг мазкур қарори асосида ўқитувчиларга алоҳида ҳурмат ва эътибор кўрсатилмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида  жорий қилинаётган янгиликлар  ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан бирга мен каби минглаб педагогларнинг янада самарали ишлашига замин яратишига шубҳа йўқ. Асосийси мазкур ҳужжатга кўра юртимиз ёшларини маънавий-ахлоқий ва жисмонан соғ­лом этиб тарбиялашга, шунингдек, масъулиятли ва шарафли касбни танлаган ўқитувчиларни меҳнатига яраша рағбатлантиришга ҳуқуқий асос яратилди.

Ойша Каримова,

Элликқалъа туманидаги

40-мактаб ўқитувчиси,

Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси.