Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Орол экологик инқирози ҳудуди марказида жойлашган Мўйноқ тумани инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, Орол инқирози оқибатларини юмшатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги барчамизга маълум.
Тоза ичимлик суви учун 100 километрдан ортиқ труба тортилиши, бир қатор маъмурий бинолар, маданий хизмат кўрсатиш объектларининг қуриб, фойдаланишга топширилиши, янги турар-жойларнинг қад ростлаши, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти натижасида янгидан иш ўринларининг яратилиши шулар жумласидандир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган йили Орол инқирози оқибатларини юмшатиш бўйича аввал дунёҳамжамиятида кузатилмаган жуда катта ташаббусга асос солинди. Қуриган денгиз атрофига чўлга чидамли, Қизилқум ўсимлиги бўлган саксовул кўчатини экиш ишлари бошлаб юборилди. Бундай эзгу ишга мамлакатимизнинг барча вилоятларидан ишчи кучлар ва техникалар жалб этилди.
Оролбўйи ва Мўйноқ туманида амалга оширилаётган бундай мақсадли ишлар замон билан ҳамнафас бўлган ёзувчи-шоирларимиз ҳамда журналистларимизнинг доимий эътиборида бўлди.
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси йўлланмаси билан бир неча бор Мўйноқ туманида бўлган ижодкорлар бу ерда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, одамлар билан суҳбатда бўлишди. Натижада Мўйноқнинг ўтмиши, бугуни ҳамда эртанги кунини мадҳ этувчи бир қатор йўл очерклари, суҳбатлар, шеърлар ва қиссалар ёзилиб, матбуотда ёритилди. Ушбу асарлар Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан “Ижод” жамоат фонди Қорақалпоғистон бўлими ҳомийлигида “Мўйноқ: кеча, бугун, эртага” номи билан алоҳида китоб ҳолида чоп этилди.
“Қарақалпақстан” нашриётида сифатли, офсет усулида нашр этилган ушбу китобда ижодкорларнинг Оролбўйи, Мўйноқ туманида олиб борилаётган ишлар, замон қаҳрамонларининг самарали меҳнатларини мадҳ этувчи асарлар жой олган.
С.Жаниев.