Шу йилнинг 30 ноябрь куни Нукусдаги кино-концерт залида “Давлат тили ҳақида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Ҳамраев сўзга чиқиб, йиғилганларни 1 декабрь “Давлат тили ҳақида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан қизғин табриклади.
Таъкидланганидек, тил- бу алоқа воситаси бўлиши билан бирга неча асрлар давомида қадр-қимматини йўқотмай, бизгача етиб келган бебаҳо хазинадир.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда барча соҳалар каби қорақалпоқ тилини сақлаш, уни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги, “Лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди. Қорақалпоқ тилида янги дарсликлар ва қўлланмалар, бадиий китоблар, монографиялар нашр этилиб, қорақалпоқ тилини ривожлантиришга бағишланган илмий анжуманлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан Ибрайим Юсупов номидаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб очилганлиги, Жўқорғи Кенгес Президиумининг махсус қарори асосида терминология маркази тузилганлиги, Чимбой туманида қорақалпоқ адабиётининг йирик вакиллари бўлган Кунхўжа ва Бердақ шоирларнинг хотирасини улуғлаш мақсадида мақбара ва музей қурилгангини алоҳида таъкидлаш лозим.
Дунёнинг ривожланган давлатларида қорақалпоқ тилимизнинг халқаро лойиҳалар асосида тадқиқот қилинаётганлиги, Туркиянинг Измир университетида қорақалпоқ тили ўқитилаётганлиги, янгидан лотин графикаси асосида қорақалпоқ тили имло луғатининг нашр этилганлиги, жорий ўқув йилидан бошлаб Навоий давлат педагогика институтида қорақалпоқ тили ва адабиёти йўналиши очилганлиги, Қуръон маъноларининг ва бошқа бир қатор диний китобларнинг қорақалпоқ тилидаги таржималари чоп этилганлиги – буларнинг барчаси қорақалпоқ тилига, халқимизнинг маънавиятига бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ифодасидир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жизки, шу йилнинг 16 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми томонидан “Давлат тили ҳақида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, шаҳар ва туманларимизда қорақалпоқ тилини янада такомиллаштириш, кенг жамоатчиликнинг унга бўлган эътиборини янада кучайтириш аҳоли, айниқса ёшларимизни қорақалпоқ тилини улуғлаш, уларни миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли тадбирлар олиб борилмоқда.
Қарор асосида қабул қилинган дастурга мувофиқ, бугунги кунда ушбу санани кенг нишонлаш, буюк шоирларимиз Бердақ, Ажиниёз ва Ибрайим Юсупов ҳайкаллари пойига гуллар қўйиш, янги китоблар тақдимоти, республика миқёсидаги илмий конференциялар, жойларда таниқли олимлар, ёзувчи-шоирлар, маънавият тарғиботчилари, маданият ходимлари иштирокида давра суҳбатлари, бадиий кечалар, мактаб ўқувчилари ўртасида асарлар танлови ўтказилмоқда. Театр ва маданият саройларида буюк шоир ва ёзувчиларимизга бағишланган спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиш этилиб, оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоқларида қорақалпоқ тилига бағишланган кўрсатувлар, эшиттиришлар, мақолалар, видеороликлар берилмоқда. Ушбу тадбирлар халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.
Тадбирда Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Терминология маркази раҳбари, профессор Ш.Абдиназимов, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти А.Оразимбетова қорақалпоқ тилимизни соф ҳолда сақлаш, уни ривожлантиришга қаратилаётган тадбирларга тўхталиб ўтишди. Шоира Н.Матякубова қорақалпоқ тилига бағишланган шеърини ўқиди.
Йиғилишда бир қатор қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига совғалар топширилди.
Иштирокчиларга санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.