Ҳар бир истеъмолчи газ баллон қурилмасидан хавфсиз фойдаланиш бўйича газ таъминоти идорасининг техника хонасида йўриқномадан ўтиши ёки мустақил равишда йўриқнома билан танишиши шарт. Истеъмолчилар газ баллон ускуналарини техник қаровдан ўтказишда ва газдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тарғиб қилишда газ авария хизмати ходимларига ҳар томонлама ёрдам беришлари керак бўлади.
Газдан фойдаланиб бўлгандан сўнг газ плитасидаги ва баллондаги жўмракни беркитиш шарт. Газ баллонлари бинога кириш жойидан 5 метр масофада, деворнинг эшик ромлари ўрнатилмаган томонига ёнмайдиган материалдан қурилган алоҳида хона ёки махсус қутига ўрнатилади. Баллонлар сони 3 тадан ошмаслиги шарт. Хонада газ ҳидини сезганда, газ плитасидаги жўмракни беркитиш, баллонни ажратиб ташқарига чиқариш, хонани шамоллатиш, 1004 рақами орқали газ авария хизматига қўнғироқ қилиш лозим.
Олов ва электр асбобларини ёқиш ҳамда учқунни юзага келтирувчи жиҳоз ва ускуналардан фойдаланиш қатъиян таъқиқланади. Газ асбобларини тоза – озода сақланиши, овқат тайёрлаш жараёнида уларни горелкаларининг ифлосланишиниен олди олиниши лозим. Маромлагични ўрнатишдан олдин зичловчи халқанинг ҳолатини текшириш, халқада ёриқлар, кесилишлар бўлмаслиги ва клапанга зич кириши лозим.
Икки қаватдан юқори бўлган кўп квартирали уйларда, ертўла ва цоколли хоналарда, чордоқ ва мансардаларда газ баллон қурилмаларидан фойдаланиш, тўлдирилган газ баллонларини яшаш хоналари, ювиниш хоналари, дахлиз, ертўла ва иситиш тармоқлари олдида сақлаш, носоз газ баллонларидан фойдаланиш ва уларни ўзбошимчалик билан қайта ўрнатиш, алмаштириш ва таъмирлаш, қишки вақтда баллонларни иссиқ сув ёки бошқалар ёрдамида қиздириш, ишлаб турган газ асбобларини назоратсиз қолдириш, улардан фойдаланиш учун ёш болаларга ёки фойдаланиш йўриқномасини билмайдиганларга рухсат бериш, хонада шамоллатиш тизими бўлмаганда газ баллон қурилмасидан фойдаланиш, баллон қурилмасида газ иситиш ҳолатини очиқ олов ёрдамида аниқлаш, баллонларни алмаштириш вақтида хонада олов ва электр асбобларини ёқиш, баллонларни алмаштиришни шу ишга даҳли бўлмаганлар иштирокида бажариш кабилар таъқиқланади.
Газ баллонларини транспортировка қилишда хавфсизлик талаблари. Газ баллонлари хавфли юкларга киради, уларнинг энг кам ташиш миқдори 250 дона бўлиб, хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиниши шарт. Баллонларни транспортировка қилиш учун махсус коржомаси тоза, ёғ ёки мой маҳсулотлари билан ифлосланмаган ишчиларга рухсат берилади. Уларнинг қўллари мойланмаган бўлиши шарт, автомобил транспортида баллонларни транспортировка қилиниши “Инерт газлари ва суюлтирилган, сиқилган кислородни автомобил транспортида ташиш қоидалари”га биноан амалга оширилиши шарт, баллонларни рессорли транспорт воситаларида, махсус замбил ва аравачаларда транспортировка қилиш мумкин. Баллонларни аравачага юклаш ва ундан туширишда, баллонларнинг ўз-ўзидан ҳаракатланишига йўл қўймаслик чоралари кўрилиши керак. Баллонларни контейнерсиз транспортировка қилишда ҳимоя қопқоқлари маҳкамланган бўлиши, ёғочли ва ички томондан кигиз ёки юмшоқ материаллар билан қопланган туйнукларга жойланиши, бир қатордан кўп юкланса, қатор оралиқларида бир бирига тегишини олдини олувчи сақлагичлар қўйилиши шарт. Бунда қалинлиги 25 мм бўлган резина халқалари ва зиғир толали арқон ишлатилиши мумкин. Баллонлар жўмракларини бир томонга, автомобил кузовининг йўналиши бўйлаб ўнг тарафга қараб жойлаштирилиши лозим. Тушуриш ёки юклашда уларни улоқтириш, бир-бирига зарбланиши, жўмракни пастга йўналтириб тушуришга йўл қўйилмаслиги керак.
Ёзги вақтда ташилаётган баллонлар брезент ёки бошқа қопламалар ёрдамида қуёш нурларидан ҳимояланиши шарт. Газ баллонларини ташишда жавобгар шахс транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳисобланади. Ташувчи транспорт воситасининг ҳаракатланиш тезлиги 60 км/соатдан ошмаслиги ва кўриш имконияти 300 метргача чекланган (туман, ёмғир, қор ёғиши ва ш.ў) бўлса газ баллонларини ташиш тақиқланади. Одамларни бир кузовда тўлдирилган газ баллонлари билан ташиш тақиқланади.
Авария ҳолатларида хавфсизлик талаблари. Баллондан газ сизиши унинг ҳидидан, овоз чиқаришидан, газ сизиш жойида сув томчилари ва музлашлар ҳосил бўлишидан ҳамда совун кўпиги ёрдамида аниқлаш чорасини кўриш лозим. Баллондаги газ сизишини очиқ олов билан аниқлаш тақиқланади. Суюлтирилган газ билан паст ҳароратда меъёридан ортиқ тўлдирилган баллонлар қизиганда портлайди ва ёнғин содир бўлади, суюлтирилган газ баллонларни ҳажмининг 85 фоизидан ортиқ тўлдириш тақиқланади.
“Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўзғорда газдан фойдаланиш қоидалари”нинг 6-бандига кўра – “Аҳоли яшайдиган уйлардаги газ плиталарини газ баллон ускунаси билан жиҳозлаш ишлари газ хўжалиги корхонаси томонидан тузилган чизма асосида амалга оширилиши” белгилаб қўйилган. Ушбу қоидада – “Яшаш уйи газ баллон ускунали жавонидан газлаштирилганда, жавон соз ҳолда сақланиши, зарур ҳолларда таъмирланиши ва бўялиши, “Газ”, “Ёнғинга хавфли” ёзувларни янгиланиши” белгилаб қўйилган.
Ҳозирги кунда ҳудудларда газ баллонларидан кенг фойдаланиб келинмоқда. Биз, аҳоли хонадонларида газ баллонларидан фойдаланганда ва етказиб берувчилар транспортларда ташиганларида юқоридаги тавсияларга амал қилишларини сўрардик. Зеро, ёнғинлар олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга барчамиз масъулмиз.
Сайфиддин Жумаев,
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти кафедра катта ўқитувчиси, подполковник.