Биз – ҳар бир инсон фаровонлигини таъминлаш тарафдоримиз!


Бўлажак сайловларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини, аввало, Ўзбекистон мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши, мамлакатда ижтимоий барқарорлик, фуқаролар ва миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳар бир оила ҳамда бутун халқнинг фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланиб белгилайди.

Ўзбекистон тараққиёти страте­гиясининг бош мақсади – аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш мақсади ушбу манфаатларга тўлиқ мос келади.

Мазкур жараёнда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама, ­жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизациялаш ҳамда барча ­соҳаларни либераллаштиришга қаратилган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор вазифалар ижросида фаол иштирок этиш Ўзбекистон Халқ ­демократик партияси фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.

Халқ демократик партияси ­Ўзбекистонда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этишни ўзининг олий мақсади деб ҳисоблайди.

Шу мақсадга эришишда Ўзбекис­тон Халқ демократик партия­си иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратган.

2030 йилгача мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш орқали Ўзбекистонни аҳоли турмуш даражаси ва сифати бўйича ­дунёнинг ўрта ривожланган давлатлари даражасига олиб чиқиш юқоридаги устувор вазифани амалга ­оширишда асосий дастуриламал бўлади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда партия барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тарафдори бўлган барча шахсларнинг кўмагига таянади. Ушбу масалаларда партия “Биз ижтимоий тараққиёт тарафдоримиз!”. “Бу иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигининг асосий омилидир!” шиори остида иш олиб боради.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини юқори ижтимоий таъминланганлик даражаси — жамият барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.

Партия пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда аҳолининг бошқа заиф қатламларига пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларни белгилаш 2030 йилгача Барқарор ривожланиш бўйича Миллий мақсадлар ва вазифалардаги мезонларга асосланиши керак, деб ҳисоблайди.

Шу мақсадда партия қонунчилик ташаббусига мувофиқ ўз парламент фракцияси орқали тегишли қонун лойиҳаси ва тегишли қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархлари ва тарифлари норматив ҳужжатларда белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслиги учун ушбу нархларни шакл­лантириш устидан қатъий давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тарафдори.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш — ижтимоий ҳимоянинг муҳим йўналишидир.

Партия, квартиралар ва кўп квартирали уйларда коммунал хизматлари ҳамда кўп квартирали уйларда ­эксплуатация хизматлари тўловларининг ижтимоий мақбуллик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминотини, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатувчи корхоналарни табиий монополияси бўйича қонунчилик меъёрларини кўриб чиқиш, муҳандислик тармоқ инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган, коммунал хизматлар тақдим этиш бўйича муқобил автоном (локал) шаклларини ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш мақсадида “Коммунал хизматлар ва тарифларни тартибга ­солиш асослари тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифини илгари сурамиз. Шу орқали коммунал хизматлар, уй-жой фондидан фойдаланиш учун нарх-наво ва тарифларни, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рентабеллигининг чегараланган ­даражасини шакллантириш меъёрларини қонунчиликда мустаҳкамлаш лозим.

Аҳолининг кам таъминланган қатламларига тиббий хизматлар кўрсатиш,  айниқса, ижтимоий хавфи бор касалликларни даволаш ва олдини олиш — ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишидир.

Биз мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини, шунингдек, тегишли мажбурий тиббий суғурта механизмларини қонунчиликда мустаҳкамлашга доир таклифларни ишлаб чиқиш ва парламентдаги фракцияси орқали қонунчилик ташаббуси билан чиқиш, мулк­чилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш, бу борада самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш таклифларини илгари суради.

Шунингдек, партия “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунини қабул қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этади.

Таълимда ижтимоий тенгликни таъминлаш мамлакатимизда ­демократик жамиятни шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълим соҳасида ижтимоий аҳамиятга эга ­қуйидаги устувор вазифаларни амалга оширишга эътибор қаратишни муҳим, деб ҳисоблайди:

Аҳолининг кам таъминланган қатлами учун олий таълимдан фойдаланишининг ижтимоий мақбуллигини ошириш тарафдоримиз. Қишлоқ ёшларини кейинчалик ўз қишлоғида ишлаш шарти билан давлат грантлари асосида педагогик, тиббиёт ва бошқа ихтисосликдаги олий таълим муассасаларига ўқишга имтиёзли қабул қилиш, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитларини ажратиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун имкониятларни кенгайтиришни зарур деб, ҳисоблайди. Шунингдек, партия давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат таълим муассасаларида фақат ўзига тўқ оилалар фарзандлари ўқий олишига йўл қўймаслик мақсадида ушбу таълим муассасаларидаги тўлов-контрактнинг ижтимоий мақбул миқдорини қонунчиликда белгилаб қўйишни таклиф этади.

Ўзбекистон ХДП жамият ҳаётининг барча соҳасида ижтимоий тенг­лик тамойилларига таянган ҳолда, ислоҳотларнинг мазкур босқичида кам таъминланган оилаларнинг истеъдодли ва қобилиятли фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан, ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш учун етарли имкониятлар мавжуд, деб ҳисоблайди.

Ижтимоий иқтисодиёт – кучли ижтимоий  сиёсатнинг  асосидир. Ички бозорни  ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш бар­қарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилидир.

Шу мақсадда партия маҳаллий ҳокимиятлар даражасида худудларнинг истеъмол товарларга эҳтиёжини ўрганиш ҳамда аҳолининг ўсиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, истеъмол талабини ривожлантириш режасини тайёрлаш зарур деб ҳисоблайди. Бунда, тегишли ҳудудларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун зарур ресурслар мавжудлигига эътибор қаратиш лозим.

Шу асосда керакли товарларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни ишлаб чиқишни зарур деб ҳисоблайди. Мазкур дастурларни шаҳар ва туманларда бандлик ва иш ўринлари яратишга доир ҳудудий дастурлар ҳамда ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқлаштириш зарур.

Ўзбекистон Халқ-демократик партияси меҳнатга лаёқатли фуқароларни ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишнинг асосий йўналиши бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

Ушбу масалалар юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда ХДП аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича давлат буюрт­масини бажариш устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишни мақсад қилган.

Бунда партия тегишли вазифалар ижросини таъминлайдиган демократик таъсир механизмларини ишга солган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш учун қонунчиликда белгиланган квоталарга қатъий риоя этилишига эришишни кўзда тутган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатда ижтимоий демократия тизимини шакллантириш тарафдори. Бу аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун давлат, жамият ва суд-ҳуқуқ соҳаларида тенгликни таъминлаш демакдир.

Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим жабҳалари, аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларига дахлдор бўлган ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган масалалар бўйича ижро ҳокимияти томонидан қарор қабул қилишда, парламентдаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан мажбурий жамоатчилик маслаҳатларини ўтказиш механизмини жорий этиш зарур, деб ҳисоблайди.

Партия ахборот маконида мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда, уларга қарши курашиш учун жамиятнинг ижтимоий бирлашиши муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайди.

Биз мамлакатда фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш тарафдоримиз!

Ўзбекистон Халқ демократик партияси юқорида кўрсатиб ўтилган устувор дастурий вазифаларни илгари сурар экан, бошқа сиёсий партиялар билан сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашлари учун бўлаётган соғлом рақобат шароитида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида таъсирчан парламент фракциясини яратишни таъминлайдиган муносиб ўринга эришишни режалаштирмоқда. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ХДП давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларида етакчи позицияларга эришиш йўлида кураш олиб боради.

Бу, партиянинг давлат ҳокимияти сайланма органлари фаолиятида иштирок этиши ва дастурий мақсадларини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратади. Жамиятда ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат ва ижтимоий бирдамлик тамойилларини қарор топтириш йўлида қонунлар ва бошқа давлат қарорларининг қабул қилиниши ҳамда самарали ижро этилишини таъминлашда Ўзбекистон ХДПнинг жойларда таъсир доирасини мустаҳкамлашга имкон беради.

Биз – ҳар бир инсон фаровонлигини таъминлаш тарафдоримиз! Бу юртимиз равнақи гаровидир! Бўлажак сайловларда биз кўрсатган номзодларга овоз беринг!

Х.Ешимбетов,

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон

Республикаси Кенгаши раиси.