Деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатлари улуғланди


«Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни»га бағишланиб Нукус шаҳрининг Отчопар майдонида бўлиб ўтган «Ҳосил байрами»дан репортаж

2017 йилдан бошлаб Президентимиз ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Жорий йилги байрам Конституция кунига тўғри келиши билан ҳам аҳамиятлидир. Соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик деҳқон ва фермерларимиз, қишлоқ аҳлига куч-қувват бағишлаб, йилнинг қийинчиликларига қарамасдан пахта, ғалла ва ­бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб келмоқда.

Байрам муносабати билан Президентимизнинг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригида бу фидокорона меҳнат алоҳида қайд этилди. “Ҳаммамизга яхши аёнки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, ҳеч қачон ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган таянч тармоқларидан биридир.

Ана шундай муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир, десак, айни ҳақиқат бўлади” — деб уларнинг меҳнатига юксак баҳо берилди.

Шунингдек, байрам табригида юртимизнинг барча қишлоқ хўжалиги ходимлари қатори экологик қийин шароитда яшаётган республикамиз деҳқонлари, азамат фермерларимизнинг  юксак натижаларга эришилганлиги таъкидланди.

Миллий ўтовлар, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатларини улуғловчи чақириқ-шиорлар билан безатилган Нукус шаҳрининг шимол томонидаги Отчопар майдонида “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”га бағишланиб “Ҳосил байрами” бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш тантанасида Қорақалпоғистон ­Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ­М.Ерниязов сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан табриклади ва Президентимизнинг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг барча соҳалари тараққиётнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Бунда Президентимизнинг Фармон ва қарорлари, Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўр­лиги муҳим ўрин тутмоқда. Шулар асосида туманларимиз мева-полиз, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, боғдорчилик каби соҳаларга ихтисослаштирилмоқда. Бўзатов, Тахтакўпир, Мўйноқ, Қўнғирот туманларида чорвачиликни ривожлантириш бўйича махсус қарорнинг қабул қилинганлиги бунинг ёрқин ифодасидир. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йил бошидан буён 165 миллиард сўмлик 68 та лойиҳа ишга туширилиб, 640 дан зиёд қишлоқ хўжалиги техникаси олиб келинди.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб қолган 7 минг гектардан ортиқ экин майдони қайта тикланиб, 522 миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобидан 1600 километр­га яқин ирригация ва мелиорация объектида қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилди. Келгуси йил пахта ҳосилдорлигини 25 центнерга, буғдойни 61 центнерга етказиш, 110 гектар майдонда иссиқхона қуриш, минг гектар майдонда интенсив боғ ташкил этиш, хорижий давлатлардан 10 минг бош чорва молларини олиб келиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, мева-полиз маҳсулотларини қайта ишлайдиган 20 та, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлайдиган 25 та корхона ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамраев йиғилганларни Конституция ва Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан табриклаб, Президентимиз табригининг мазмун-моҳияти, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича келгуси йилга белгиланган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Байрам томошалари арқон тортишув мусобақаси билан бошланди. Унда Беруний тумани биринчи, Тахиатош тумани иккинчи, Нукус шаҳри жамоаси учинчи ўринни эгаллаб, ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Байрам иштирокчиларининг эътибори майдон марказига қаратилди. Бош байроқ учун майдонга кураш бўйича “Баркамол авлод-2011” мусобақаси ғолиби, бир неча бор Қорақалпоғистон чемпиони, самбо бўйича Ўзбекистон чемпиони, Шўманой туманидан Мийирбек Абдихалиқов ва дзюдо бўйича Осиё чемпиони, халқаро мусобақалар сов­риндори, Амударё туманидан Элёр Машариповлар таклиф этилди.

Бир-бирига муносиб полвонлар беллашувида Элёр Машарипов ғалаба қозонди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ­М.Ерниязов полвонга бош байроқ — Президентимиз совғаси “Cobalt” автомашинасини тантанали равишда топширди.

Шундан сўнг, бир неча вазн ­тоифаларида полвонлар беллашиб, ғолиблар совғалар билан тақдирланди.

Қўчқорлар уруши ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Бош байроқ учун ўтказилган мусобақада ғалабага эришган қўчқор эгаси мотоцикл билан тақдирланди. Шунингдек, ҳар бир ғолиб бўлган қўчқор эгаларига совғалар топширилди.

Шундан сўнг, бир, уч, беш, етти, ўн икки айланишга отлар юборилди. Унда Тошкент шаҳри, вилоятлар ва республикамизнинг барча туманларидан келган моҳир чавандозлар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар учун беллашди. Айниқса, ўн икки айланишдаги от чопиши барчанинг диққат эътиборида бўлди. Пойгага биринчи бўлиб келган Чимбой туманидан  Бахит Ибрагимовнинг оти бош байроқни қўлга киритди. Унга Президентимиз совғаси “Cobalt” автомашинаси топширилди.

Кейинги ўринларни эгаллаганлар мотоцикл, музлаткич, телевизор, гилам каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, “Қиз қуўиў”, “Тенге алиў”, “Кўкпар” мусобақаларининг ғолиблари аниқланиб, совғалар топширилди.

Байрам иштирокчиларига деҳ­қонларимиз томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси, моҳир ошпазларимиз тайёрлаган турли таомлар тортилди. Ўзбекистон ва Қорақалпо­ғистон санъат усталари ижросидаги концерт ­дастури байрам иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади. “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни”га бағишланиб ўтказилган “Ҳосил байрами” халқ сайли билан узоқ давом этди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.