Қўнғирот туманидаги “Мийнетабад” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 1-сонли мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилиш, жумладан, нодавлат болалар боғчалари тармоғини ривожлантириш, болалар боғчаларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари сифатини яхшилаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, керакли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, таълим-тарбия ишларини яхшилаш, тажрибали педагог ва мутахассислар сафини кенгайтириш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Боғча жами 140 нафар болага мўлжалланган бўлиб, бу ерда тарбияланувчилар учун барча шароитлар яратилган. Тажрибали педагоглар меҳнат қилаётган жамоада болалар кунига беш маҳал овқатлантирилади. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида инглиз тили, гимнастика, таэквон-до, рақс тўгараклари ташкил этилган.
Ушбу мактабгача таълим муассасаси биноси туман хўжалик ҳисобидаги “Бобур Қўнғирот қурилиш” қурилиш корхонаси қурувчилари томонидан қуриб битказилиб, ҳудуд болаларига совға қилинди. Бу ерда 2 миллиард 927 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди.
Тадбир иштирокчилари таълим муассасасида тарбияланувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.