Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг шу йил 20-21 август кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Бўзатов туманини қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи халқимизни беҳад қувонтирди. Зеро, Еркиндарё, Шахаман далаларидан то Мўйноққача чўзилган ҳудудда илгари уюр-уюр йилқилари, пода-пода қорамоллари, сурув-сурув қўйлари, Дауткўлдаги маржон балиқлари билан машҳур бўлган туман 2004 йили ёпилиб қолиб, халқнинг, айниқса ўсиб келаётган ёш авлоднинг қалбини чўктирган, одамлар ишсизлик сабабли бу ердан кўчиб кетишга мажбур бўлганди. Халқнинг суянчи бўлган давлат идоралари иморатларида тунлари чироқлар ёнмай, мисоли тўй тарқаган уйдай эзгин бир манзара юзага келган эди.
Мана, орадан ўн беш йил ўтиб, Бердақ бобомиз камол топган элда яна бахт чироғи ёнди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2019 йил 4 сентябрда бўлиб ўтган сессиясида “Бўзатов туманини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилиниб, умумий майдони икки минг ўттиз беш квадрат километр бўлган Бўзатов тумани ташкил топди. Унга илгари Кегайли тумани тасарруфидаги “Бўзатов” посёлка, “Қусқанатов”, “Еркиндарё”, “Аспантай” қишлоқ фуқаролик йиғинлари, Чимбой туманига қарашли “Кўксув” қишлоқ фуқаролик йиғини ҳудудлари бириктирилди. “Бўзатов” посёлкаси туман маркази этиб белгиланди. Бугунги кунда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, инфратузилмани тиклаш, чоравачиликни, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар бошланиб кетди.
Айни пайтда туманга олиб борадиган “Кегайли-Бўзатов” гузар йўлида қурилиш материаллари юкланган машиналарни тез-тез учратамиз. Бўзатов посёлкаси кўчалари катта суръат билан асфальтланиб, ҳокимият тасарруфига олинган давлат ва ижтимоий бинолар капитал таъмирланмоқда. Илгаридан яшил дарахтларга бой кўчалари нина баргли манзарали дарахтлар ва гуллар экилаётган посёлка шаҳар тусига кирмоқда.
Президентимизнинг бевосита кўрсатмаси билан “Бўзатов” посёлкасида минг киши иш билан таъминланадиган тўқимачилик корхонаси қурилиши тез суръатда олиб борилмоқда. Бу объект икки блокдан иборат бўлиб, биринчисида тикувчилик цехи, иккинчисида ишчилар учун дам олиш хонаси, дўкон, ошхона, кутубхона, ҳаммом, тиббий хона, омборхона барпо этилади. Қурилиш ишлари тугатилгач, ҳар сменада 300 хотин-қиз иш билан банд бўлади. Шу мақсадда “Қозонкетган” ва “Еркиндарё” қишлоқ хўжалик коллежлари биноларида ишсиз 750 хотин-қиз тикувчиликка ўргатилмоқда.
Бўзатов азалдан чорвачиликни ривожланириш учун қулай ҳудудда жойлашган. Амударё ёқалаб қўним топган чорвадорлар “Еркиндарё”да, “Кўкшиел”да, “Аспантай”да, “Шахаман”нинг кенг далаларида йилқи, қорамол, қўй-эчки боқиб, довруғ таратган. Энди эса янги туманнинг меҳнатсевар одамлари аждодлари тажрибасига таяниб, Президентимизнинг, эл бошчиларининг оталарча ғамхўрлигида юксак марраларга эришишни кўзламоқда.
Улуғ шоир бобомиз Ажиниёз “Бўзатов” поэмаси билан бу эл номини хотирамизга муҳрлади. Қорақалпоқ халқ қўшиқларида эса “Суви танқис бўлиб кўчиб кетганман, Хуш, омон бўл, биздан қолдинг Бўзатов” дея жаранглади. Бу билан Бўзатовнинг бўз ери ота макон экани биз авлодларга уқтирилди.
Бўзатов тумани ҳудудида туғилиб ўсган Бердақ бобомиз ҳассос шоир, бахши сифатида халқнинг сўзини сўзлади, юрт донғини ёйди. Бу тупроқда сўз заргарлари бўлган шоирлар Улмамбет Хожаназаров, Тўлепберган Матмуратов, Аскербай Ажиниязов, Шарапатдин Аяпов, Гулистон Даулетова, Минайхан Жуманазарова, Батирбой Сейдабуллаевлар туғилиб ўсди, улар яратган қўшиқ-поэмалар қорақалпоқ шеъриятини бойитиб, ёшларнинг маънавиятини юксалтирди.
Йил якунланар экан, Бўзатов тумани қайта ташкил этилганини 2019 йилнинг энг ёрқин воқеаси сифатида баҳолагим келади.
Бошингга қайта қўнган бахт қушинг муборак бўлсин, қанотида саодат шабадасини келтирган Ҳумо қуши осмонимизда чарх ураверсин, Бўзатов!
Жуманияз ОТЕНИЯЗОВ,
шоир, “Дўстлик” ордени соҳиби.