ПОЛИКЛИНИКАННИНГ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ


2018-2019 йилги Давлат инвестиция дастурига мувофиқ, Нукус шаҳри Қорақалпоғистоннинг 60 йиллиги кўчасидаги янги поликлиника биноси қурилишига 5 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган эди.

Қурилиш ишлари «Голденстар Жаўмытбаев Караматдин» МЧЖ қурувчилари томонидан бажарилиб, Янги йил байрами арафасида мазкур бино фойдаланишга топширилди.

Иншоотнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси С.Турманов ва бошқалар сўзга чиқиб, сўнгги йилларда барча соҳалар каби тиббиёт соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Янгидан қурилган поликлиникада аҳоли саломатлигини сақлаш, беморларга ташхис қўйиш ва даволаш учун барча шароитлар яратилган бўлиб муассаса замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган.

Поликлиника раҳбариятига бинонинг рамзий калити топширилиб, лента кесилди. Меҳмонлар у ерда яратилган шароитлар билан тинишди.

— Поликлиникамиз хизмат кўрсатадиган ҳудудда 9 та МФЙ, ­7 та умумтаълим мактаби, 12 та мактабгача таълим муассасаси жойлашган, — дейди 5-сонли оилавий поликлиника бош шифокорининг ўринбосари Қалбийке Ержанова. — Бу ҳудудда 46 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Поликлиникамизда 30 нафар шифокор, 68 патронаж ҳамшира аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.

Муассасамизнинг янги бинога кўчирилиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилаб, кунига 350 кишини қабул қилиш имкониятини яратади.

Ҳозирги кунда поликлиникамиз «Саломатлик – 3» лойиҳаси асосида замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Яқинда берилган компьютерлар, одамнинг вазни ва бўйини, кўз равшанлигини ўлчашга мўлжалланган махсус асбоблар, офталмоскоплар, стоматология креслоси, жарроҳлик ва гинекологик ускуналар тўплами, портатив ЭКГ аппарати шулар жумласидандир.

Бунинг учун Президентимиз ҳамда  республикамиз раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз.

Тадбирда санъат усталари ижросида концерт дастури намойиш қилинди.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.