Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш, жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш бўйича бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш ва шу каби бошқа масалалар юзасидан тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаш мақсадида қабул ўтказилди.
Қабулда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раҳбарияти, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, солиқ инспекцияси, инвестициялар ва савдо, адлия, қурилиш, давлат кадастр органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирок қилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Ҳабибуллаев, Адлия вазири С.Худайбергеновлар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот беришди.
Жумладан, сўнги йилларда республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш ва бизнес юритиш учун қулай муҳит яратилиб, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Қабул жараёнида билдирилган мурожаатларнинг кўпчилиги қурилиши тугалланмаган ишлаб чиқариш ва бошқа объектларга газ ва электр энергиясини тортиш, кредит олиш масалалари бўлди.
— Ўзимнинг қурилиши тугалланмаган иморатимни битказиб, шу жойда мактабгача таълим муассасасини очишни ният этган эдим, — дейди Чимбой туманидаги «Шағала» МТМ раҳбари Бахтияр Абитов. — Шу мақсадда жорий йил «Ўзсаноатқурилишбанк»дан бир ярим йиллик муддатга 389 миллион сўмлик кредит олдим. МТМнинг смета баҳоси 1 миллиард 203 миллион 768 минг 218 сўмни ташкил қилади. Банкдан олинган маблағ ва «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг кафолат хати ва қўшимча қарз билан иморат битказилиб, жиҳозланди.
Жорий йил ноябрда боғчамиз очилди. Энди кредитни, қарзларни қоплаш учун маблағ топиш муаммо бўлаётир. Шу сабаблиҳозирда боғчамиз ишламаяпти. Қўшимча кредит ололмаганим учун муаммоларим борлигини айтиб мурожаат қилдим. Мурожаатим тегишли тартибда кўриб чиқиладиган бўлди.
— Мен ўз хонадонимда паррандачилик билан шуғулланиш учун «Микрокредитбанк»дан 15 миллион сўмлик кредит олиш бўйича шартнома тузиб, бир неча ойдан буён мазкур маблағни ололмай келаётганим юзасидан мурожаат қилдим, — дейди С.Турдимамбетова. — Мурожаатим бўйича банк раҳбарларига шу ернинг ўзида топшириқ берилиб, январь ойида кредит бериладиган бўлди.
Қабул жараёнида билдирилган айирим мурожаатлар тегишли мутасаддилар томонидан кўриб чиқилишига келишиб олинди.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.