АСРГА ТАТИГУЛИК ЎЗГАРИШЛАР


27 йил. Бу албатта тарих учун жуда қисқа даврдир.

Лекин таъкидлаш жоизки, жонажон Ўзбекистонимиз ушбу чорак асрлик давр мобайнида дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб, тараққий этган давлатлар қаторига кириб бораётгани, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортаётгани чин маънодаги ислоҳотлар натижасидир.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳолининг турмуш даражаси сезиларли даражада яхшиланиб, бутун иқтисодиёт тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланганлиги яққол кўзга ташланмоқда.

Хусусан, ўтган 5 йилда Қорақалпоғистоннинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 3,5 баробарга ошганлиги юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

Жумладан, саноат салоҳиятини ривожлантириш Дастурига асосан ўтган 5 йил давомида 239,0 млн. доллар инвестиция маблағлари ўзлаштирилиши ҳисобига 234 та саноат корхоналари ишга туширилди.

Саноат корхоналари томонидан олдин 45 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунга келиб, улар 220 турдан ошди ва 125 дан ортиқ тури тайёр маҳсулот сифатида ишлаб чиқарилмоқда.

Республика маҳаллий бюджетига қўшимча даромадлар жалб этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорига асосан 2018 йилнинг якунигача бюджетга 801,0 млрд. сўм қўшимча даромад тушиши режалаштирилган бўлса, йилнинг биринчи ярмида 486,0 млрд сўм қўшимча даромад тушишига эришилди.

Шу билан биргаликда Республикада ишлаб чиқариш инфраструктураси жадал суръатларда такомиллашиб бормоқда. Ўтган йилларда Ўзбек миллий автомагистрали «А-380» автотрассасида кенг кўламли қурилиш-тиклаш ишлари олиб борилиб, 1,5 трлн. сўмлик иш ҳажми бажарилди ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган 223 км автомобил йўллари фойдаланишга топширилди.

Маълумки, мамлакатимизда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам айниқса саноатни ривожлантиришда ташқи иқтисодий алоқалар ниҳоятда муҳимдир. 2001 йилда республикамизда устав жамғармасида хорижий инвестициялар улушига эга бўлган  28 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 93 тага етди. Шунингдек,  уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми  сўнги уч йилда ва 2018 йилнинг 1-ярмида  2015,2 млн. сўмни ташкил қилиб, 2001 йилга нисбатан 2 баробар ошишига эришилди.

Сўнги пайтларда Муҳтарам Президентимизнинг раҳнамолигида инвес­тиция лойиҳаларини амалга ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш масаласига катта аҳамият берилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида бу борада ҳам ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган 6 ой давомида 47,2 млн долларлик хорижий инвестиция жалб этилди.

Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида жами 212 та лойиҳа бўйича 1 трлн. 23 млрд. сўмлик маблағлар ўзлаштирилди ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Республикамизда Иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. 2000 йилда кичик бизнес субъект­лари сони 9063 тани ташкил қилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 11714 тани ташкил қилади.

Шу йилнинг ўзида йил бошидан буён 1143 та тадбиркорлик субъект­лари янгидан ташкил этилди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида тижорат банклари томонидан 2631 та кичик бизнес субьектларига 343,9 млрд сўм, шунингдек 885 нафар тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга 39,3 млрд сўм кредитлар ажратилган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Қорақалпоғистон шароитида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва кенгайтириш ниҳоятда муҳим масаладир. Сув таъминоти билан боғлиқ муайян қийинчиликларга қарамасдан, Қорақалпоғистон Республикаси сўнги 3 йилда пахта хом-ашёсини етиштириш бўйича республикада биринчилар қаторида давлат шартнома режаларини бажариб келмоқда.  Хусусан, 2017 йилда давлат хирмонига 186,2 минг тонна ўрнига  192,7 минг тонна пахта хомашёси топширилгани фикримизни яққол тасдиқлайди.

Чорвачилик соҳасида ҳам кейинги 3 йилда йирик шохли қорамоллар сони 1,2 баробар ўсиб,  1056,1  минг бошни ташкил этди. Паррандалар сони шу давр ичида  1,4 карра, яъни 2,8  млндан  3,8 млн бошга кўпайди.

Умуман олганда, ўтган чорак аср мобайнида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир жабҳасида, қурилиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш масалалари ва бошқа соҳаларда сезиларли даражада туб ижобий натижаларга эришилди.

Айниқса, сўнги икки йил ичида мамлакатимизда шиддат билан амалга оширилаётган ва узлуксиз давом этаётган ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришларни нафақат Ўзбекистон халқи, балки, олис-яқин давлатлар ҳам эътироф этмоқдалар.

Албатта, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович ­Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган мислсиз янгиланишлар кенг кўламли ислоҳотлар ­халқимиз турмушига янги руҳ олиб кирмоқда.

Азиз ва жонажон Ўзбекистонимиз бағридаги Қорақалпоғистон Республикаси ҳам бугун Юртбошимизнинг ушбу оқилона сиёсатига ҳамоҳанг ҳамда Президентимизнинг қорақалпоқ заминига алоҳида эътибори самарасида изчил тараққий этмоқда.

Барчамизга маълумки, давлатимиз раҳбари 2017 йилда 2 маротаба Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Мазкур сафарлар чоғида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича белгилаб берилган тизимли чора-тадбирлар ўз муддатларида, ҳаттоки, аксарияти муддатидан аввал тўлиқ амалга оширилди.

Масалан, 2017 йилда  511 та кўп қаватли уйларда 16 млрд.сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилди. 267,4 км ичимлик суви тармоқлари, 189,9 км йўллар бунёд этилди ва таъмирланди. Шунигдек, қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича 45,6 млрд.сўмлик ишлар бажарилиб, натижада 69 минг гектар ер майдонларининг мелиоратив ҳолати ҳамда 14,5 млрд.сўм маблағлар ҳисобига 51,5 км ирригация тизимининг яхшилангани деҳқонларимизнинг оғирини енгил қилди.

Булардан ташқари, ижтимоий соҳа объектларида ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 40 та мактабда 41,6 млрд.сўмлик  20 та мактабгача таълим муассасаларида 19,4 млрд. сўмлик, 9 та соғликни сақлаш объект­ларида 25,8 млрд.сўмлик ҳамда 3 та болалар спорти объектларида 8,1 млрд.сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилгани ушбу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Жорий 2018 йилнинг ўзида 22 та мактабда 38,5 млрд. сўмлик, 24 та соғлиқни сақлаш объектларида 55,4 млрд. сўмлик ҳамда 5 та спорт объект­ларида 21,5 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, санаб ўтилган 22 мактабнинг 16 таси жорий ўқув йилига топширилмоқда ва қолган 6 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, 96,8 млрд.сўмлик жами 209,3 км йўлларни қуриш ва таъмирлаш ҳамда 83,3 млрд. сўмлик 417 км ичимлик суви тармоқларини тортиш режалаштирилган.

Сўнги икки йил ичида олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида пойтахтимиз Нукус шаҳрининг қиёфаси буткул ўзгарганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейининг 2-3-блок бинолари, Нукус халқаро аэропорти биноси, Нукус темир йўл вокзали ва бошқа биноларнинг тўлиқ реконструкция қилингани ҳамда ободонлаштирилгани шаҳримизнинг кўркига кўрк қўшди.

Шулар билан бир қаторда, Нукус шаҳрининг марказий кўчаси ҳисобланган Ерназар Алакўз ва Хўжайли туманининг Мустақиллик кўчасида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, унинг бўйида жами 50 та кўп қаватли замонавий уй-жойларни қуриш, ҳамда Нукус тиббиёт институти қошида замонавий клиника қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш мақсадида махсус дастур асосида эски бинолар ўрнига янги замонавий иморатлар барпо этилиб, катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда бир қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари бунёд этилмоқда.

Тахиатош  туманида металл-конс­трукция ишлаб чиқариш заводини ишга тушириш бўйича қурилиш ишлари, Нукус шаҳрида  “Ярим автомат кир ювиш машиналарини ҳамда маиший техникаларини (“Титан ДСЗ” корхонаси) ва иситгичларини ишлаб чиқариш (“Кардар” корхонаси) лойи­ҳаси амалга оширилаёт­гани, «Ориент техноложи» қўшма корхонасида Италия технологияси асосида терини чуқур қайта ишловчи қиймати 4 млн. 680 минг Евролик модернизация ишлари олиб борилаётгани, шунингдек Тахтакўпир туманида “Агро Комплекс Қорақалпоғистон” корхонаси томонидан чорвачилик комплекси қурилаётгани шулар жумласидандир.

Муҳтарам Президентимиз томонидан “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” дея номланган жорий йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2018 йил, шу жумладан I-ярим йиллик учун белгилаб олинган макроиқтисодий кўрсаткичларнинг истиқболли режа кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 4 трлн. 588,4 млрд.сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 106,7  фоизга,  саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4 трлн. 216 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўсиш суръати 109,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 510,5 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўсиш суръати 103,6 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 818,8 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўсиш суръати 101,5 фоизга ва хизматлар ҳажми 1 трлн. 978,4 млрд. сўмни ташкил қилиб, 106,4 фоизга ўсиши таъминланди.

2018 йилнинг 1 ярим йиллигида ҳудудий бўйсинувдаги корхоналар экс­порти 18 млн. 5,3 минг  долларни ташкил этиб, белгиланган режа 106,5 фоизга бажарилиб, ўтган йилнинг шу даврига  нисбатан 127,8 фоизга ўсиши таъминланди.

Шундан, саноат маҳсулотлари экс­порти 14 млн. 8 минг доллар, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 3 млн. 997,3 минг долларни ташкил этди.

Мухтасар айтганда, кейинги икки йил ичида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан қабул қилинган, мамлакатимиз ижтимоиий-иқтисодий ривожланишининг барча йўналишларини белгилаб берган фармон ва қарорлар, уларнинг тезкор ижроси халқимиз турмуш тарзини тубдан ўзгартирмоқда. “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак!”, деган тамойил  юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг бахтли ва фаровон ҳаётига хизмат қилмоқда.

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида энг улуғ, энг азиз байрамимиз, давлатимиз мустақиллигининг 27 йиллигини муносиб кутиб олиш ва уни кўтаринки руҳда нишонлаш бўйича қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қутлуғ сана арафасида Қорақалпоғистон Республикасида 16 та умумтаълим мактаблари, 8 та оилавий поликлиникалар, 1 та қишлоқ шифокорлик пункти ва Қонликўл туманида 1 та туман тиббиёт бирлашмаси, Нукус шаҳрида С.Хўжаниёзов номидаги Ёш томошабинлар театри, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун “Мурувват” уйи, кам таъминланган оилалар учун уй-жойлар ва бошқа бир қатор объект­лар фойдаланишга топширилди.

Юртимизда байрам тантаналари давом этаётган шундай шукуҳли дақиқаларда мустақиллигимизнинг қутлуғ 27 йиллик байрами билан аввало, бутун Ўзбекистон халқини, жумладан, Қорақалпоғистон аҳлини чин қалбимдан қутлайман.

Нукус шаҳри марказида қад кўтарган баланд байроқлар мангу дўстлик ва мустақиллик тимсоли сифатида ҳилпираб турсин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Қаҳрамон САРИЕВ

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси