Нукус шаҳридаги «Нукус сити» лойиҳасининг қурилиш ишлари бошланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжинеринг компанияси директори З.Нарзуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси З.Зиядуллаев, Нукус шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи П.Турешов, қурилиш ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ҳамда шу йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида республикамизда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Қурилиши бошланаётган “Нукус сити” шаҳримизнинг энг кўркам ва файзли масканларидан бирига айланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, дастлабки йили 7 қаватли иккита, 16 қаватли иккита турар жой қурилиши белгиланган. Қурилиш ишлари “Уй-жой қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан олиб борилади. Босқичма-босқич бир нечта кўп қаватли турар жойлар, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, ижтимоий соҳа обьектлари қурилиши режалаштирилган. Шу куннинг ўзида 7 ҳамда 16 қаватли турар-жойларнинг тамал тоши қўйилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.