Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасининг энг олис овулларида ҳам «Ватанпарварлик ойлиги» доирасидаги тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Ҳарбий округ ватанпарварлик карвонининг навбатдаги манзили Мўйноқ тумани бўлди. Эрта тонгдан Нукус шаҳридан сафарга отланган ҳарбий хизматчилар аҳолига хушкайфият улашиш, умумхалқ байрамига айланган Ватан ҳимоячилари куни байрами шукуҳини кенг тарқатишни мақсад қилишди.
Биринчи манзил Мўйноқ туманига қарашли энг узоқ жойлашган ҳудудлардан бири – Бўзатов овул фуқаролар йиғинига қарашли “Қипчоқдарё” овулида жойлашган 10-сонли умумтаълим мактаби бўлди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда бу овулда биринчи марта ҳарбий ватанпарварлик карвони меҳмон бўлмоқда. Кўзларида қувонч билан ҳарбийларни қарши олаётган ёши улуғ отахону онахонлар, ҳарбий акаларига бўлган қизиқишларини яшира олмаётган болажонлар меҳмонларни пешвоз чиқиб кутиб олишди.
Округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари подполковник Нуриддин Кадиров, туман ҳокими Ерполат Еденбаев ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Мўйноқ тумани бўлими раиси Жанабай Жусимов сўзга чиқиб, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган мана шундай тадбирларнинг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Туман ҳокими томонидан ушбу овулга ватанпарварлик карвони биринчи марта келгани, мана шундай тадбирлар келгусида кўпроқ ташкил этилиши зарур эканлиги таъкидланди.
Навбатдаги манзил Мўйноқ шаҳридаги деҳқон бозори бўлди. Уй-рўзғорни ўйлаб, бозорлик қилиб юрган юртдошларимиз тўсатдан ҳарбий оркестр садоларини ўзгача қувонч билан қарши олишди.
Кейинги икки манзилда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бўлинмалари томонидан Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ҳамда Мўйноқ туманидаги ободонлаштириш ишларида жонбозлик кўрсатаётган ҳарбий хизматчилар жойлашган ҳудудларда ҳам ватанпарварлик карвони томонидан “Мардлик ва жасорат” дарслари, концерт дастури ва кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Нукус гарнизони ҳарбий оркестри, ҳарбий хизматчиларнинг саф ва қўл жангги элементлари билан кўргазмали чиқишлари Ватан ҳимоячилари куни байрами шукуҳини кенг ёйишга аҳолига хуш кайфият улашишга хизмат қилди.
Тимур НАРЗИЕВ,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи, майор.