Аскарларнинг оналари шарафланди


Яқинда Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида айни вақтда Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида хизмат қилаётган қорақалпоғистонлик аскарларнинг оналарини шарафлашга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига бағишлаб ўтказилган “Аскар оналарини шарафлаймиз!” номли байрам тадбирида Қорақалпоғистоннинг турли туманларидан келган онажонлар иштирок этди. Унда мард ва жасур ўғлонларни вояга етказиб, она юрт ҳимоячиси этиб тарбия­лаган мўътабар зотлар улуғланди. Нукус гарнизонида хизмат қилаётган аскарлар тадбирнинг бош қаҳрамонларини кутиб оларкан, ҳуддики фарзандини кўргандек мунис оналарнинг кўзларига қувонч ёшлари қалқиди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари – Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зуҳра Ибрагимова ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари подполковник Нуриддин Қодировлар сўзга чиқиб, йигитлик бурчини ўтаётган аскарларнинг оналари номига илиқ фикрлар билдиришди.

Барча туманлардан келган онажонлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан қимматбаҳо ­совғалар ҳамда ташаккурномалар билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон Ресрубликаси санъаткорлари ҳамда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказининг ҳарбий оркестри жамоаси томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар қувончга тўлган қалбларни янада бахтиёр этди.

Театр фойесида ташкил этилган кўргазмада оналар ҳарбий хизматда юрган фарзандлари учун белгиланган озиқ-овқат меъёрлари ҳамда кийим-кечак таъминоти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати.

* * *

Хўжайли туманида ҳам Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Аскарларнинг оналарини эъзозлаймиз!» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг ташаббуси билан ўтказилган тадбирга бугунги кунда республикамизнинг турли ҳудудларида ҳарбий хизматни ўтаётган хўжайлилик ёшларнинг ота-оналари таклиф қилинди. Унда сўзга чиққанлар аскар-йигитларнинг ота-оналарини байрам билан табриклаб, Ватанимизга содиқ, мард ва жасур ўғлонларни тарбиялагани учун уларга миннатдорлик билдирди. Юртимизнинг Қуролли Кучларида амалга  оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизда ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имтиёзлар алоҳида таъкидланди.

— Менинг фарзандим Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматини ўтаётганидан бугун ўзгача фахр туйғусини ҳис қилдим. Сабаби,  бугун байрам тадбирига бизни таклиф қилиб алоҳида ҳурмат кўрсатилмоқда, эъзозлашмоқда. Ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлик билдираман, — дейди хўжайлилик Гавхар Шарипова. — Ўғлимнинг она Ватан олдидаги бурчини намунали ўтаётганидан фахрланаман.

Тадбирда ҳарбийлар оналарига туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.

М.ПИРНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.