Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси маълумотларига қараганда ўтган йилнинг январь-октябрь ойларида республикамиздаги меҳмонхона ва бошқа сайёҳлик масканларига 22 мингга яқин хорижий сайёҳлар ташриф буюрган.
Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 142 фоизга (14603) кўп. Сайёҳларнинг асосий қисми Италия (2240), Франция (1966), Германия (1542), Россия (1524), Хитой (1327), АҚШ (1245), Буюк Британия (1215), Япония (967), Испания (856) ва бошқа давлатлардан келган меҳмонлардир.
Хорижда “Саҳродаги лувр” номи билан машхур И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига 124 минг 192 нафар сайёҳ келган бўлса, шундан 12 мингги хорижий сайёҳлар саналади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарорига мувофиқ республикамизда жами 288 та маданий мерос ва зиёрат объектлари рўйхатдан ўтган,-дейди бошқарма раҳбари Б.Қусекеев. –Уларнинг 131 таси археологик, 24 таси архитектура, 88 таси монументал объектлардир. 45 таси эса диққатга сазовар масканлар ҳисобланади.
Жами 31 та меҳмонхона, 4 та миллий ўтовларда ташкил этилган кемпинг ва 12 та меҳмонхона уйлари, туристлик классга кирувчи 9 та автобус, 4 та микроавтобус, 28 та йўл танламайдиган автотранспорт воситалари сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Ўтган йили Қорақалпоғистонда туризмни ривожлантириш ва тарғиб этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2018-2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилган дастурлар ва бошқа инвестициявий лойиҳаларнинг манзилли рўйхатига мувофиқ, жами баҳоси 31,1 миллиард сўмлик 29 та лойиҳа амалга оширилди. Шунинг натижасида 123 янги иш ўринлари яратилди.
Жумладан, 2019 йилнинг бошидан буён 1 та меҳмонхона, 1 та хостел ҳамда 8 та меҳмон уйи ишга тушди. 16 туроператор субъекти ташкил этилди. Туристлик классга кирувчи 7 та автобус олиб келинди. Аэропорт, темир йўл вокзали, ҳамда И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида бепул “WI –FI” зоналари ташкил этилди. Туристлик объектларда ҳамда йўл бўйларида жами 24 йўл кўрсаткичи белгилари ўрнатилди. Келган сайёҳларга янада қулай бўлиши учун 18 та ўринда миллий ва чет эл валютасини алмаштириш шохобчалари ўрнатилиб, уларда Visa Card, Master Card ва бошқа халқаро тўлов воситаларидан фойдаланиш имконияти яратилди.
Олдимизга қўйган режаларимиз кўп. 2020-2021 йилларда республикамиздаги туризм ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида нархи 60,05 миллиард сўмлик 20 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ишлар амалга ошса 400 га яқин янги иш ўрни яратилади. Жумладан, транспорт инфратузулмасини ривожлантириш бўйича 1 миллиард сўмлик маблағни ўзлаштириш ҳисобидан туристлик транспорт хизматлари ташкил этилади. Ҳунармандчилик марказлари, савдо шохобчалари, эсдалик совғаларини ва сувенирларни ишлаб чиқариш ва сотишни ташкил этиш бўйича объектлар фаолияти йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Германиянинг GIZ ( Халқаро ҳамкорлик жамияти) ташкилоти билан биргаликда 2019-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантиришга йўналтирилган “Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида барқарор иқтисодиётнинг ўсишини таъминлаш” дастури доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳам шулар жумласидандир.
Шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга кўрсатиладиган хизматларнинг сифатини ошириш мақсадида таржимонлар, меҳмонхоналар ва ресторанлардаги ходимлар ҳамда сайёҳларга хизмат кўрсатадиган бошқа кадрлар доимий равишда махсус ўқув курсларида шунингдек мастер классларда ўз малакасини ошириб борадилар.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.