Ўтган йилни сарҳисоб қилар эканмиз, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида муҳим ўзгаришлар, янгиланишлар юз берганининг гувоҳи бўламиз. Айниқса, таълим тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар нафақат юртимиз, балки хорижий давлатлар, халқаро экспертларнинг ҳам қизиқишини орттириб, юксак эътирофларига сазовор бўлмоқда.
Президентимиз «Мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришни ўз олдимизга устувор вазифа қилиб қўйган эканмиз, буни амалга ошириш учун бизга, энг аввало, янги авлод кадрлари керак. Ана шундай юксак салоҳиятли кадрларни тарбиялаш мақсадида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги мактаблар — Президент мактабларини ташкил этишни режалаштирганмиз», деган эдилар.
2019 йил 20 февралда “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш, шунингдек 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этиш назарда тутилган эди.
Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич қурилиши режалаштирилган Президент мактаблари аввало мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш, иқтидорли болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда лидерлик кўникмаларини шакллантириш, энг муҳими, келажак авлодга қаратилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Маълумки, 2019 йилнинг 11 декабрь санасида Нукус шаҳрида Президент мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Президент мактабининг қурилиши учун маҳаллий бюджетдан 67 миллиард сўм маблағ ажратилди. Замонавий услубда, жаҳон стандартлари асосида бунёд этилган мактабимизда ўқувчи-ёшлар учун барча шароитлар, қулайликлар яратилган. Жумладан, 168 ўринга мўлжалланган икки қаватли ўқув биноси, шунча ўринга мўлжалланган уч қаватли ётоқхона, кутубхона, барча қулайликларга эга меҳмонхона, спорт заллари, бассейн, ошхона, дарсхоналар шулар жумласидандир. Мактабимиздаги барча зарур жиҳозлар Хитой,Туркия, Бирлашган Араб Амирлиги ва бошқа давлатлардан келтирилган.
Мактабда ўқув жараёнлари қорақалпоқ, ўзбек тилларида, шунингдек, SТEAM таълим дастури асосида олиб борилади. Математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари фанлари Буюк Британиянинг Сambridge Assessment International Education ташкилоти дастури асосида инглиз тилида ўқитилади. Шу боис, ўқитувчилар жамоаси ҳам имтихонлар асосида танлаб олинди. Маҳаллий ўқитувчилар билан бирга Кения, Жанубий Африка, Буюк Британия, Канада ва АҚШ давлатларидан 11 нафар тажрибали мутахассислар ўқувчиларга дарс бермоқда.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш лозимки, Президент мактабига 7 минг 577 ўқувчи ҳужжат топширган бўлиб, шундан 144 нафар энг зийрак, иқтидорли ўқувчилар Кембридж университети халқаро имтиҳон бўлимининг тажрибали мутахассислари томонидан танлаб олинди. Ҳар бир синфда икки гуруҳга бўлинган ҳолда 12 нафар ўқувчидан жами 24 нафар ўқувчи билим олмоқда.
Маълумки, ҳар бир ўқувчи билан индивидуал ишлаш муҳим аҳамият касб этади. Бизнинг мақсадимиз ҳам, ўқувчиларга пухта билим бериш, уларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ўша фанни янада чуқур ўргатиш, қайси касбни танлашини эътиборга олиб, айнан шу соҳага йўналтириш, иқтидорини юзага чиқариш, келажакда мустақил фикрлайдиган, дунёқараши кенг, ўз нутқига эга билимли ёшларни тарбиялашдан иборат. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Президент мактаблари битирувчиларига белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) берилади. Бу эса ўз навбатида хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.
Мухтасар айтганда Президент мактаби мамлакатимизнинг буюк келажаги сари қўйилган дадил ва ишончли қадамдир. Ўйлаймизки, бу ерда таълим-тарбия олаётган ўқувчилар яратилган имкониятлардан муносиб фойдаланиб, янги янги марраларни забт этади.
Алишер Уббиев,
Нукус шаҳридаги Президент
мактаби директори.