Яқинда Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони М.Ерниязов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худойбергеновнинг республикамиз фаол ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабида ёшлар билан учрашувида билдирилган фикр ва таклифлари ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди. Ёшлар билан учрашувда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади. Ҳокимлар ва мутасадди раҳбарлар ёшларнинг муаммолари билан танишиб, ҳар ойда бир марта маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама қилиши, халқ вакилларига ҳисобот бериши зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ёшларнинг бандлиги, уй-жой таъминоти, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, таълим олишга ва касб ўрганишга бўлган эҳтиёжлари доимо ўрганилиб, аниқ чоралар кўриб борилиши шарт.
Президентимиз 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари республикамизга ташрифи чоғида Орол денгизининг қуриган тубида 500 минг гектар майдонга чўлга чидамли ўсимликларни экиб, яшил ўрмонзорлар барпо этиш вазифасини белгилаб берган эди. Бундай эзгу ишлар давом эттирилиб, жорий йилда 700 минг гектарга саксовул, қандим ва бошқа чўлга чидамли ўсимликларни экиш режалаштирилган. Бу ишларга вилоятлардан, республикамизнинг шаҳар ва туманларидан мингга яқин турли техника, тўрт дона самолёт олиб келиниб, 2500 дан ортиқ ишчи иштирок этиши кутилмоқда.
Янги йил байрами арафасида республикамиз ёшлари Орол денгизининг қуриган тубида бўлиб, амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишди. Фақатгина танишиб қўймасдан, ўзлари ҳам самолётларда, ва бошқа техникаларда, шунингдек, қўлда ўсимликларни экиш ишларида қатнашди. Бу ерда меҳнат қилаётган ишчилар билан фикр алмашишди. Албатта, уларнинг фидокорона меҳнати ҳар томонлама намуна бўлиб, ёшларимизни денгизнинг қуриган тубини ўрмонзорга айлантириш, шундай қилиб, ҳудудимизда экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида меҳнат қилишга руҳлантирди.
Учрашувда Нукус ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқитувчиси, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ш.Турсинбаев, Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси суҳандони А.Қалибаева, Бўзатов туманидаги 1-сонли умумтаълм мактабининг 7-синф ўқувчиси Г.Оразбаева, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси М.Туребековлар сўзга чиқиб, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдиришди. Орол денгизининг қуриши оқибатида юзага келган экологик ҳолатни юмшатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва денгиз тубидан тузли чанг тўзонлар кўтарилишининг олдини олиш мақсадида чўлга чидамли ўсимликларни экиш ишларига ёшларимиз тайёр эканликларини таъкидлашди.
— Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабида ёшлар билан учрашувда қатнашиш бахтига муяссар бўлдим, — дейди Нукус ихтисослаштирилган маданият мактаби ўқитувчиси, “Ниҳол” мукофоти совриндори Шираз Турсинбаев. — Унда Қорақалпоғистонда опера мактабини ташкил этиш таклифини билдирдим ва ушбу таклифим Президентимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
Учрашувда ёшлар ўз фикр-таклифларини билдиришди ва уларнинг таклифлари бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.