Ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди


«Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил қилиш бўйича жамоат ташкилотларнинг 2020 йил январь-июнь ойларига белгиланган ҳамкорлик дастури»даги вазифаларнинг мазмун-моҳиятини кенг муҳокама қилиш мақсадида селектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий ­фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  “Оила”  илмий-амалий тадқиқот маркази, республикамиздаги барча жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок қилди.

Селектор йиғилишида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикалиси Кенгаши раисининг ўринбосари Ш.Жавлонов ва бошқалар сўзга чиқиб, ўтган йилги ҳамкорлик натижаларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Йўл қўйилган хато-камчиликлар юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.

Таъкидланганидек, ҳамкорлик масаласи бўйича кейинги олти ойга белгиланган дастур жамоат ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг малакасини ошириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва ажрашишларнинг олдини олиш, хотин-қизлар орасида маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш, тўй ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик  ва меҳр-шавқат  руҳида тарбиялаш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабристонларни обод қилиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалаларни ўзида жамлаган.

Ўтган йили туманимиздаги маҳаллаларда ва оилаларда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан бир қатор тадбирлар ташкил қилинди.

Жумладан, ўтган йилги дастурга асосланиб, «Ҳавас қилинг, намуна олинг” тадбири доирасида ҳудудимиздаги намунали оилаларни ёшларимизга таништириб, тарғибот дастурларини олиб бордик. «Оила» маркази ва ФҲДЁ бўлими билан ҳамкорликда оилалардаги тотувликни таъминлаш мақсадида «Оила бурчаклари» ташкил қилинди. Шунингдек, хотин-қизлар орасида оилалар ажримларининг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилди. Маҳаллаларда «Кексалар маърифати» тадбирлари ташкил қилинди.

Буларнинг барчаси маҳаллалардаги тотувликни, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатди, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Чимбой тумани Кенгаши раисининг диний-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ж.Жолдасова. — Бугунги селектор йиғилишида олдимиздаги олти ой учун аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу вазифалар, билдирилган фикрлар ҳамкор ташкилотлар билан шу йўналишдаги ишларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда дастурга боғлиқ фикр-таклифлар билдирилиб, ҳамкорлик бўйича амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.