Дастлабки натижалар кўзга ташланмоқда


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалполғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида республикамизда бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шундай тадбирлар доирасида Қўнғирот туманида 61 нафар ташаббускорнинг чорвачиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаси бошланган эди.

— Бу лойиҳаларнинг ўн еттитасида 3085 бош қорамол, ўттиз тўққизида 11 минг 115 бош қўй эчки, тўрттасида 255 бош туя ва от олиш режалаштирилган. Бир нафари гўшт ва сутни қайта ишлаш ва аралаш ем ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ташаббус билан чиқди, — дейди Қўнғирот тумани ҳокими ўринбосари Р.Шербоев. — Қарорнинг бажаралишини таъминлаш мақсадида туманда доимий иш олиб борувчи штаб тузилди. Бугунги кунда қорамолларга зооветеринария хизматларини кўрсатиш тизимини янада яхшилаш ва сигирларни сунъий уруғлантиришни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун ишлаб турган участкаларга қўшимча турда етти жойда, жумладан, Ўрнак, Хоразм, Қўнғирот, Ажиниёз, Равшан Суенли ва Қипчоқ овул фуқаролалар йиғинларида янги ер участкалари ажратилди.

“Қорақалпоғистон” ва “Жаслиқ” посёлка фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 9 та ер ости қудуғини қазиш режалаштирилиб, бугунги кунда уларнинг ўрни белгиланди.

Туманда чорвачиликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган  61 та лойиҳадан 46 таси бўйича туман ҳокимининг қарори қабул қилинди ва унга асосланиб, ушбу лойиҳаларнинг ташаббускорларига 5643,8 гектар ер майдони ажратилди. Шундан 1559,1 гектари экишлик, 4084,7 гектари яйлов учун ажратилган ерлар бўлиб ҳисобланади. Қолган 15 лойиҳа бўйича ташаббускорга ер майдони ажратиш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, туманда жами 12 та чорвачилик комплексини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Шундан битта чорвалик комплексининг қурилиши бошлаб юборилди.

— Фермер хўжалигимизга 901,1 гектар ер ажратилди. Шундан 171,1 экишлик, 730 гектари яйлов учун ажратилиб ҳозирги вақтда ерларнинг шўрини ювиш ишлари давом этмоқда, — дейди “Ербол Шарва” фермер хўжалиги раҳбари К.Шукируллаева. — Ҳозирги вақтда Россиянинг Татаристон Республикаси билан шартнома тузиб,  ­наслли моллар олиб келиш арафасида турибмиз. Бу йўналишли ишлар давом эттирилмоқда.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.