Республикамизда Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли кучларимизнинг ташкил этилганлигининг 28 йиллиги кенг нишонланди. 14 январь куни пойтахтимиздаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, уруш ва меҳнат фахрийлари номидан гулчамбарлар қўйилди.
Байрам муносабати билан марказий кўчалар бўйлаб байроқларимизни баланд кўтарган ҳарбий хизматчилар саф тортди. Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида байрамга бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумат аъзолари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, офицер ва сержантлар, ҳарбий хизматчлар ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Тадбирни Нукус шаҳар ҳокими П.Турешев бошқариб борди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, ҳудудий ҳарбий маъмурий сектори раҳбари М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттириб йиғилганларга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан самимий қутлади. Таъкидланганидек, Президентимизнинг ушбу табриги кўнгилларга куч- қувват бахш этиши билан бирга барчани эзгу ишларга, шундай тинч-тотув ва бахтли элга хизмат қилишга руҳлантирди. Ҳақиқатан ҳам барча халқлар учун давлат хавфсизлиги, элнинг тинчлиги, юрт фаровонлиги асосий бойликдир. Шундай экан ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келаётган она Ватанимизни асраб-авайлаш, юртимизнинг тинчлигини сақлаш, ҳар биримиз учун муқаддас бурч ҳисобланади. Шу боис бу сана ватанпарварлик, халқимизга садоқат, мардлик ва жасурлик каби инсоний қадриятларни ўзида мужассам этган байрам сифатида қалбимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаган.
Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий техник ва замонавий кадрлар салоҳиятини кучайтириш билан бирга ҳарбий хизматчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, оила аъзолари учун қулай шароитлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг амалий ифодаси сифатида ўтган йилнинг ўзида ҳарбий маъмурий сектори ишларини ривожлантириш мақсадида 16 объектда қурилиш таъмирлаш ишларини олиб бориш учун маҳаллий бюджетдан 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, миллий гвардиянинг 9 объектида 33 миллиард сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи хизматчилари учун 30 квартирали, Давлат хавфсизлик хизматига қарашли чегара қўшинларининг ҳарбий хизматчилари учун 48 квартирали тураржойлар, Ички ишлар вазирлигининг Шифокорлик бўлими госпиталининг замонавий икки қаватли биноси фойдаланишга топширилди. Бундай эзгу ишлар бу йил ҳам давом эттирилиб, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, миллий гвардия, ички ишлар органлари хизматчилари учун 120 квартирали 4 та турар жойни фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Байрам муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг бир гуруҳи Президентимизнинг фармони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори асосида давлат мукофотлари, орден ва медаллар, кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Тадбирда ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди. Йиғилишда Ўзбекистон халқ артисти З.Ашурова, Ўзбекистон Миллий гвардияси бошқармаси бошлиғи, “Жасорат” медали соҳиби М.Юсупов, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги — Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси оператив бошқариш марказининг бошлиғи «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби Ш.Қодиров, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий бўлимининг хизматчиси, “Умит ушқини” кўкрак нишони соҳиби А.Ибрагимовалар сўзга чиқиб, ҳарбий хизматчиларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ш.Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдирдилар. Тантанали мажлис республика санъат усталарининг байрам концерти билан якунланди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалполғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.