2021 йил 1 январдан «яшил паспорт» билан хорижга чиқиш тақиқланади


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрь кунги “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқадиган ҳолларда уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилади. Хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам хорижга чиқиш биометрик паспортига эга бўлишлари шарт.

Хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳар қандай давлатга чиқиш учун ҳақиқийдир.

Хорижда доимий яшаётган ва доимий консуллик рўйхатида турадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш биометрик паспорти, унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган даврда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, давлат хизматларидан фойдаланиш учун ҳақиқийдир.

Хорижга чиқиш биометрик паспорти Ўзбекистон Республикасининг мулкидир ва унинг эгаси Ўзбекистон Республикасининг ҳимоясида бўлади.

Хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга;

бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга;

16 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга.

Амал қилиш муддати тугаганидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пунктига топширилади.

Фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун доимий рўйхатда турадиган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига ёки консуллик рўйхатига олинган маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қиладилар.

Фуқаронинг доимий рўйхати мавжуд бўлмаган тақдирда хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун у олдинги рўйхатда турган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

Пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда фуқаро хорижга чиқиш паспортини олиш учун вақтинчалик рўйхатдан ўтган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

Кекса, ўзгалар парваришига муҳтож ва ногиронлиги бўлган шахсга биометрик паспортни расмийлаштириш ва бериш тегишли мурожаатга асосан белгиланган тартибда уларнинг доимий яшаш ёки турган жойига чиқиш орқали амалга оширилади.

Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

биометрик паспорт ёки ID-карта ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (мавжуд бўлган тақдирда);

ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);

ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси — ҳарбий хизматга мажбурлар учун;

давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;

ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги — вояга етмаганлар учун;

фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти — вояга етмаганлар учун.

15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг ­вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин.

Доимий яшаш учун хорижга чиқишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган ўз ота-оналарининг ва турмуш ўртоғининг (биргаликда чиқиш ҳолатлари бундан мустасно), шунингдек, агар биргаликдаги никоҳдан вояга етмаган болалар бўлса, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган собиқ турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги, улар вафот этган ёки бедарак йўқолган ҳолларда эса — вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ёки суднинг шахсни бедарак йўқолган деб эътироф этиш ҳақидаги қарорининг нотариал тасдиқланган нусхаси маълумотларни йиғиш пунктларига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб ўн иш кунида, хорижда эса — дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда берилади.

Қўл бармоқларининг изларини олиш тартиб-таомилидан бош тортилган ва кўзойнак тақиб ёки бош кийим билан суратга тушиш истаги қатъий билдирилган ҳолатларда маълумотларни йиғиш пункти фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга.

Давлат органлари сиз ҳаққингиздаги маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси шахсга оид маълумотлар тўғрисидаги, қонунчилик талаблари асосида фойдаланишини огоҳлантириб ўтамиз!

С.Султанов,

Тахтакўпир тумани Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи.