100 ЁШНИ ҚАРШИЛАГАН УРУШ ҚАТНАШЧИСИ


Қўнғирот туманининг “Қумбиз” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюрсангиз “Бу уйда меҳнат фахрийси, Иккинчи жаҳон уруши  қатнашчиси Қудайберген Кожаметов истиқомат қилади”, деган пешлавҳага кўзингиз тушади. Беихтиёр, дилингизда уруш йилларининг оғриқлари билан бирга, бугунги доруломон кунларга шукроналик ҳисси барқ уради.

Бу айни дамда 100 ёшни қаршилаган Қудайберген ота Кожаметовни ҳам чуқур ўйга солади. Қирғин барот уруш, у ерда кечган оғриқлар, сафдошлари, урушнинг аламли қисмати… Буларнинг барчаси бугун ўтмишга айланган бўлса ҳам ҳар биримизни янада хушёрликка, огоҳликка чорлайди. Ватанпарварлик, инсонпарварлик, шукроналик ва албатта аждодларимизга юксак ҳурмат, эҳтиром  ҳисси билан яшашга ундайди.  

Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди.

Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди. Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди. Айниқса, юртдошларимиз жанглар давом этаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган 1,5 миллиондан ортиқ кексалар, аёллар ва ёш гўдакларни бағрига олиб, оғир дамларда уларга беқиёс ғамхўрлик кўрсатди.

Қудайберген ота Кожаметов ҳам урушга отланган пайтида навқирон  21 ёшда эди. У 1942 йилда урушга кетиб, 1943 йилнинг декабрь ойигача Калинин фронтида 42-гвардия ўқчилар полки таркибида душманга қарши жанг олиб борган. Оғир жароҳат олиб овулига қайтгач, қурилиш ташкилотида ишлаган. Шунингдек, қишлоқ ҳўжалигида ҳам меҳнат қилган. Ҳозирда отахон  4 қиз, 1 ўғил, 28 невара, 45 чевара, 8 эваранинг меҳрибон бобоси.

Халқимиз “Қариси бор уйнинг париси бор”, дейишади. Дарҳақиқат, ёши улуғ инсонлар,  кексалар бор маскан обод, файзли, нурафшон бўлади.   Отахон яшайдиган уй ҳам маҳалладаги энг намунали хонадонлардан. Мутасадди раҳбарлар кўмагида маҳалла, отахоннинг уйи томон борадиган манзиллар обод бўлди.

Айтиш жоизки,  Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ,  Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига 12 000 000 (ўн икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофотининг берилиши бу юртимизда уруш фахрийларига бўлган юксак ҳурмат-эътиборнинг амалий тасдиғидир. 

— Отамнинг она Ватан озодлиги йўлида кечган қонли жангда кўрсатган мардлиги, матонати, жасорати биз фарзандлар учун катта шараф. Бугунги кунда мутасадди раҳбарлар уйимизга келиб хабар олиб туришади. Шифокор ва ҳамширалар тез-тез келиб тиббий кўрикдан ўтказишади. Умуман олганда, юртимизда кекса ёшдаги инсонларга, уруш фахрийларига кўрсатилаётган эътибордан биз, айниқса, отам жуда хурсанд, — дейди отахоннинг ўғли Олимжон Кожаметов.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида отахоннинг хонадонида ўтказилган тадбир, байрам шукуҳи барчанинг кўнглини тоғдек кўтарди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев ҳамда туман ҳокими Қ.Халмуратовлар отахоннинг хонадонига ташриф буюриб, Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 76 йиллиги билан табриклади. Унга давлатимиз раҳбарининг байрам табригини ўқиб эшиттирди ва 12 000 000 миллион пул мукофотини тантанали равишда топширди. Шимоли-ғарбий ҳарбий округи оркестри ва мактаб ўқувчиларининг она Ватанни, тинчликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари барчага қувонч улашди.

Феруза Нуруллаева.