Маълумки, бугун мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз Ўзбекистон халқига янги йил табригида “Биз миллий юксалишнинг муҳим босқичига қадам қўймоқдамиз” деган эди. Айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ Ватанимизнинг келажаги бўлган ёш авлод масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш, интилиш ва мақсадларини қўллаб-қувватлаш, ташаббусларини амалга оширишлари учун қулай шароитлар яратиш, умуман, ёшлар ҳаёти билан боғлиқ ҳар битта масала эътибордан четда қолмади.
Президентимиз Ш.Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабга ташриф буюриб, ёшлар билан учрашув ўтказди. Учрашувнинг айнан Янги йил арафасида Ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган билим масканида ўтказилишида ҳам рамзий маъно бор. Видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган учрашувда ёшларга оид масалалар муҳокама қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди. Мазкур учрашувни қорақалпоғистонлик 1500 нафар ёшлар кузатиб борди.
— Учрашувда мен ҳам қатнашиш бахтига муяссар бўлдим, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Б.Аралбаева. — Шу ўринда ёшлар сиёсати масаласига назар солар эканмиз, эришилган ютуқларимиз жуда кўп.
Эътироф этиш жоизки, сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга доир 43 та қонун ҳамда меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. 70 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун — 30 июнь «Ёшлар куни» деб белгиланди. Эътиборлиси, бугун ёшларимиз мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўз фаолликларини кўрсатмоқда.
Учрашувда ёшларга оид бир қатор масалалар муҳокама этилди. Хусусан, тегишли мутасадди ташкилотлар билан биргаликда 2020 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва режаларни ёшларга етказиш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш мақсадида раҳбарлик лавозимларига ҳар томонлама муносиб, фаол ва ташаббускор ёшларни жамлайдиган “Ватан ифтихорлари” институтини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонидан Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлигини тузиш ҳамда ёшлар аудиториясига йўналтирилган теле ва радиоканаллар, босма нашрларни бирлаштириб, “Ёшлар медиа холдинги” ни ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Айтиш жоизки, Президентимизнинг ушбу учрашуви ёшлар ҳаётида унутилмас воқеа бўлди.
Шу ўринда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар ва унинг амалий натижалари ҳақида тўхталиб ўтсак.
— Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 1 080 870 нафар бўлиб, ҳудуд аҳолисининг 57,1 фоизини ташкил этади, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ахборот таҳлил бўлими мудири Мақсет Турсинов. — Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 1477 та бошланғич ташкилотлари бўлиб, 367 634 нафар ёшлар аъзоликка қабул қилинган.
Беш ташаббус — беш имконият
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни кенг оммага тарғиб этиш, аҳоли хабардорлигини ошириш мақсадида ҳар ҳафтанинг жума ва шанба кунлари тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. 2019 йилнинг апрель-ноябрь ойлари давомида республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида бешта ижобий ташаббусни тарғиб қилишга йўналтирилган 6274 та тадбир ва лойиҳалар ташкил этилиб, уларга 500 мингдан ортиқ ёшлар жалб қилинди.
Шунингдек, Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Мўйноқ, Беруний, Чимбой туманлари ва Нукус шаҳрида “Бешта ташаббус ‑ бешта имконият!” шиори остида фестиваллар ташкил этилди. Фестивал доирасидаги тадбир ва лойиҳаларда ёшлар фаол иштирок этишди.
2019 йилда Нукус шаҳри, Беруний, Қонликўл ҳамда Мўйноқ туманларида “Ёшлар марказ”лари ўз фаолиятини бошлади.
Қорақалпоғистон Республикаси “Ёшлар маркази” томонидан беш та ташаббус доирасида шаҳар ва туманларда 28 та тўгараклар ташкил этилиб, 11 543 нафар ёшлар ўқитилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда Нукус шаҳри, Беруний, Қонликўл ва Мўйноқ туманларида рақамли технологиялар ўқув-марказлари ташкил этилиб, компьютер технологиялари, робототехника ва киберспорт тўгараклари фаолият бошлади.
Нукус шаҳри ва барча туманларда “Ёшлар ойлиги” муносабати билан ёшлар орасида маънавий-маърифий, ижтимоий-ҳуқуқий, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бандлик масалаларига бағишланган тадбирлар, Оммавий спорт мусобақалари ҳамда ҳарбий ватанпарварлик ҳафталиклари ўтказилди.
“Ёшлар келажагимиз” давлат дастури амалда
“Ёшлар келажагимиз” давлат дастури доирасида шаҳар ва туманларимизда 22 та “Yoshlar mehnat guzari” комплексини ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилиб, ташаббускор ёш тадбиркорлар жалб қилинди.
Шунингдек, ёш тадбиркорларга кўмаклашиш мақсадида Нукус шаҳри ва Хўжайли туманларида “Ёш тадбиркор” коворкинг марказларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мўйноқ ва Беруний туманларида “Yoshlar mehnat guzari” комплекси ишга туширилиб, жами 20 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 260 нафарига ер майдонлари ҳамда 8 нафарига фойдаланилмай турган бўш бинолар ажратиб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги қарори асосида 2019 йилги манзилли рўйхатга киритилган 16 та лойиҳага жами 798 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида “Ёшлар-келажагимиз” Давлат дастури асосида 51 млрд. 223 млн. сўмлик 134 та лойиҳанинг молиялаштирилиши натижасида 1061 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
“Ёш тадбиркорлар бизнес клуб”лари томонидан “Бизнес лойиҳалар”, “Бизнесга илк қадам” ва “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзуларида ўқув-семинарлар ташкил этилди.
“Ёш фермерлар мулоқот клуб”ларида “Томорқачилик сирлари”, “Цитрус мевалар”, “Дон-дуккакли экинларни парваришлаш” мавзуларида маҳорат дарслари ўтказилиб, 3 мингга яқин ёш фермерлар ва фермер бўлиш истагида бўлган ёшлар ўқитилди.
Ёшлар жиноятчи бўлмайди
Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинларида “Барчаси ўз қўлингда!” тарғибот декадаси доирасида 2400 га яқин тарғибот ишлари олиб борилди.
Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг кафолат хати асосида 17 нафар ёшларга нисбатан суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланиши таъминланди.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларида “Фидокор ёшлар” жамоатчилик гуруҳларига жами 580 нафар ёшлар қамраб олинган бўлиб, профилактика инспекторлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Республикамиздаги 25 минг 180 нафар уюшмаган ёшлар, нотинч оилаларнинг фарзандлари, профилактик ҳисобда турган шахслар, 127 нафар меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг қизиқишлари ўрганилди ва эҳтиёжларининг электрон маълумотлар базаси шакллантирилди.
Қорақалпоғистон Республикасида ўтган йилнинг 11 ойи ҳолатига вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 55,1 фоизга камайган бўлса, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 31,2 фоизга камайишига эришилди.
Ёшлар ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 30 январда тасдиқланган манзилли режага мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида 34 минг 172 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Шунга мувофиқ 25 минг 484 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Ёшлар – муносиб меҳнат ва ташаббускорлик” мавзусида учрашув, давра суҳбатлари ўтказилди. Жумладан, “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида хорижда ишлаб, яшаш манзилларига қайтиб келган ёшлар билан шаҳар ва туман ҳокимликлари иштирокида 17 марта учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашувларда 134 та масала кўрилиб, шундан, 92 таси ижобий ҳал этилди ҳамда 42 та масала бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўтган йили қишлоқ жойларда 51 та ҳамда Нукус шаҳридан 45 та ёш оилага янги уйлар топширилди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам изчил давом этади.
Иттифоқнинг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 9 та ногиронлик аравачаси, 3 та эшитиш мосламаси, 8 нафарига дори-дармонлар, 31 нафарига кийим-кечак, 532 нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилди. Шунингдек,6 та тикув машинаси, 3 та компьютер тўпламлари, 547 нафарига ўқув қуроллари, 343 нафарига спорт инвертарлари, 238 нафарига бошқа амалий ёрдамлар кўрсатилди.
2018-2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 62 нафар ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ўқишга қабул қилинган 291 нафар талабаларнинг тўлов контракт суммасининг 35 фоизи, чин етим, ногирон ҳамда меҳрибонлик уйида тарбияланган 11 нафар талабаларга шартнома тўловининг 50 фоизи Иттифоқ томонидан тўлаб берилди.
Нукусда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Марказий Осиё ёшларининг “Оролни қутқарайлик” мавзусида илмий-амалий конференцияси ҳамда “Ёшларнинг инновацион ғоялари” саммити ташкил этилди. Мўйноқ туманида “Меҳр Оролни қутқаради” лойиҳаси доирасида фидоий ёшлар отряди томонидан бир қатор самарали ишлар олиб борилди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам қизғин давом этмоқда.
Тарғибот тадбирлари ўз натижаларини беради
Бугунги кунда Ёшлар иттифоқи томонидан “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила мустаҳкам бўлса, фарзанд бахтли бўлади”, “Ёшлар оилавий ажримларга бутунлай қарши”, “Оила – муқаддас қўрғон” “Биз мустаҳкам ва соғлом оилани барпо этамиз!” мавзуларида очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида май ойи “Ёш оилалар билан ишлаш!” ойлиги деб эълон қилинди. Ойлик доирасида 136 та тадбир ва лойиҳалар амалга оширилди.
30 июнь — “Ёшлар куни” муносабати билан Амударё, Беруний, Элликқалъа, Хўжайли, Нукус туманлари ҳамда Нукус шаҳрида “Бахтли оила қурамиз” шиори остида 14 нафар ёш оиланинг ихчам намунали тўйлари ташкил этилди. Шунингдек, Нукус туманида 5 нафар боланинг суннат тўйлари ҳам ўтказиб берилди.
“Оила” илимий-амалий тадқиқот маркази Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамкорлигида барча шаҳар ва туманларда “Ёш келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур инновацион мактабларда “Оила психологияси”, “Оила бюджети”, “Репродуктив саломатлик”, “Ислом динида оилага бўлган муносабат” мавзуларида дарслар ўтилади.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Нукус шаҳар “Ёшлар маркази”да “Қизлар овози” форуми шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши қошида “Қизлар овози” клуби ташкил этилди.
Бошланғич ташкилотлар фаолияти такомиллаштирилмоқда
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида 1 та қўшма қарор, 2 та чора-тадбирлар режаси, 3 та фармойиш қабул қилинди. Ижтимоий тармоқларда ёшлар етакчилари учун 1 та сайт, “Телеграмм” ижтимоий тармоғида 5 та канал,12 та гуруҳ ташкил қилиниб, бугунги кунга қадар 800 нафардан ортиқ етакчилар билан доимий мулоқотлар олиб борилмоқда. Ёшлар етакчилари учун барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзида мужассам этган 2 та услубий қўлланма тайёрланди.
МУВАФФАҚИЯТ ВА ЭЪТИРОФ
Бугунги кунда ёшларимиз ўз билим ва иқтидорлари билан катта ютуқларга эришиб келмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Б.Аралбаева “Шуҳрат” медали, Қорақалпоқ давлат университети талабаси С.Қаипназарова ҳамда Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали қошидаги Тўрткўл академик лицейи ўқувчиси С.Тулиева Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий қисм гуруҳ катта офицери Э.Машарипов ва Нукус спорт коллежи ўқувчиси А.Раджапов “Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлди. Мўйноқ туманидаги “Фархат Мўйноқ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Қириқбаев “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди. Нукус давлат педагогика институти талабалари М.Торебеков ва А.Бахитбаевлар “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлишди. Бундан ташқари, 26 нафар ёшлар Президент ва бошқа номдаги стипендияларга мушарраф бўлдилар.
“Ёш китобхон” танловининг мамлакат босқичида Тўрткўл тумани 1-сонли умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Ш.Каримбаева фахрли 1-ўринни эгаллаб, бош соврин “Президент совғаси” — “Спарк” автомашинасини қўлга киритди.
Умуман олганда мамлакатимизда ёшлар сиёсатига доир амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг янги мақсад ва ютуқларга эришишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ишлар албатта давом этади.
Президентимиз таъкидлаганидек, “2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади”.
Феруза Нуруллаева.