Сапура Қаипназарова,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга бўлган ҳар бир ташрифи янги янги бунёдкорлик ишларига замин яратиб, одамлар қалбида бахтли яшашга ишонч, умид уйғотмоқда. Мен Президентимизнинг мана шундай ташрифлари доирасида ўтказилган ҳар бир учрашувида қатнашиш бахтига муяссар бўлганман.
Президентимизнинг юртимиз ёшлари, айниқса мўйноқлик ёшларга қаратаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлигидан руҳланиб, спорт соҳасида юксак марраларни забт этишни мақсад қилдим.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат мўйноқликларни, бутун юртимизни, қолаверса жаҳон жамиятчилигининг ҳам катта қизиқиш ва эътирофларига сазовор бўлмоқда. Президентимизнинг “Маданият Мўйноқдан бошланади” деган пурмаъно сўзлари бугун ҳаётимизда ўз аксини топмоқда. Мен мўйноқликман, Мўйноқлик эканлигимдан бахтлиман. Орол денгизи, Мўйноқ қучоғида туғилиб ўсганимдан фахрланаман.
Мўйноқ туманида қад ростлаётган ижтимоий, маданий объектлар, янгидан иш бошлаган корхона ва заводлар, янги турар жойлар, “Мўйноқ сити”, айниқса бу ерда яшовчи аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, Орол тубида яшил ўрмонзорлар барпо этиш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларидан ёшлар, ҳашарчилар келиб меҳнат қилаётгани халқимизнинг якдиллиги, ҳамжиҳатлигидан дарак беради.
2019 йилда Президентимиз қўлларидан Зулфия номидаги Давлат мукофотини Мўйноқ тарихида биринчи бўлиб олишга сазовар бўлдим. Бу нафақат менга, балки мўйноқлик ёшларга, бутун Қорақалпоғистон ёшларига билдирилган юксак ишонч, эътибор деб биламан.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан фидойи ёшлар билан биргаликда Орол денгизининг 200 ва ундан ҳам узоқ масофадаги тубида 1-1,5 метрга қадар бўй тиклаган саксовулларни ўз кўзим билан кўрдим.
Ана шундай бўй тиклаган бир туб саксовул юз тоннага қадар кўтариладиган қумни (чанг-тўзонни) ушлаб қолишини эшитиб, атроф –муҳитни кўриб, Орол бағрида яна қайта ҳаёт бошланганидан, яшил ўрмонзорлар пайдо бўлаётганидан қувондим.
Мен ўйлайман, бугун мўйноқлик ёшлар, қолаверса бутун мамлакатимиз ёшлари Мўйноқ туманининг янада ривожланиши, равнақи йўлида ўз ҳиссамизни қўшамиз. Мана шундай буюк, эзгу ислоҳотларда доимо Президентимизга камарбаста бўламиз. Орол муаммоси жаҳон ҳамжимияти муаммоси эканлигини дунё тан олди. Мен бугун Мўйноқ, Орол денгизи учун меҳнат қилаётган барча фидоий инсонларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
* * *
Гулбану Альменова,
Ёш биолог:
Минг ташвиш бир иш битирмас, деган гап бор халқимизда. Бугун Орол тақдири шу юртда яшайдиган ҳар бир инсонни ташвишга солаётгани ҳақиқат. Лекин, фақат қайғуришдан фойда йўқ. Ҳаракатга –баракат, деганларидек қўлни-қўлга бериб, ушбу оғир синовга биргаликда ечим топиш мумкин. Оролни қайта тўлдириш чорасиз бўлса ҳам экологик ҳолатни яхшилаш имкони бор эканлигини биламиз.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Оролнинг қуриган тубида саксовул ва чўлга чидамли ўсимликлар экиш ишлари бошлаб юборилди. Ўтган йилнинг ўзида 500 минг гектар майдонга саксовул уруғлари экилиб, унинг дастлабки натижалари халқимизни чексиз қувонтирди. Ерга меҳр билан қадалган кўчат бир кун келиб дарахтга айланишини амалда кўриб, кучимизга куч қўшилмоқда. Ўзини шу юртнинг фуқароси деб билган ҳар бир инсон умид билан саксовул уруғини экиш учун Орол томон ошиқмоқда. Айниқса, бу ишда ёшларимиз фаол.
Мана шундай эзгу ишга ҳисса қўшиш менинг ҳам асосий мақсадим. Ўтган йили чўлга ва тузга чидамли ўсимликларни экиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиб, август ойида Олмата шаҳрида ҳимоя қилдим ҳамда халқаро грант ғолиби бўлдим.
Ўрмон ернинг кўрки деганларидек, ўсимлик дунёсининг сайёрамиз, ҳаёт учун фойдаси кўп. Масалан, биргина саҳро маликаси деб ном олган саксовул қум кўчиши ва ҳавога чанг-тўзон кўтарилишининг олдини олади. Олимларнинг таъкидлашича, бўй тиклаган бир туб саксовул ўз илдизи атрофидаги 100 тоннага қадар қумни ушлаб туриш имконига эга экан. Бундан ташқари, шу қумнинг табиийлиги, ҳосилдорлиги, тупроққа айланишига ҳам ёрдам беради. Натижада унинг атрофида бошқа турдаги ўсимликларни ҳам ўстириш мумкин. Яқин келажакда бу бепоён чўллар ўрмонзорга айланса, кўплаб қушлар қайтиб, ҳайвонот дунёси шаклланади, экологик ҳолат барқарорлашади, деган ниятдамиз. Сабаби, табиатда ранг-баранглик қанча кўп бўлса, (ҳайвонот ва қушлар, ўсимликлар турлари) саломатлигимиз, ижтимоий ҳолатимиз шунча яхшиланади. Шуни унутмаслигимиз керакки, она ер тирик. Тирик мавжудотгина ҳаёт ярата олади. Унга кўрсатилган ёрдам, меҳр, ўзимизга ўн ҳисса, балки ундан ҳам ортиқ бўлиб қайтади. Бугунги ишларимиз, меҳнатларимиз ўз мевасини беришига қатъий ишонамиз.
* * *
Артур Сагидуллаев,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳуқуқ-шунослик факультетининг 1-босқич талабаси:
Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган эътибори туфайли Мўйноқ туманидаги катта ўзгаришлар, олиб борилаётган туб ислоҳотлар айниқса, кейинги икки йилда ўз натижасини бермоқда.
Мен шу эл фарзанди сифатида Мўйноқ туманимиз қайтадан “туғилди” десам муболаға бўлмайди.
Куннинг қаҳратон совуқларида, ёзнинг жазирама саратонларида ҳам киндик қоним томган юртим — Мўйноқ билан доимо бахтли кунларимни баҳам кўриб, ҳаёт нашидасини сурмоқдаман.
Ўзим ҳақимда сўз юритар эканман, 2018 йилнинг март ойида бир йиллик муддатли ҳарбий хизматга чақирилдим. Ҳарбий хизматим давомида кўпгина муваффақиятларга эришдим.
Хизматни аъло даражада ўтаб, олий ўқув юртига кириш учун ҳарбий тавсиянома олишга эришдим. Натижада, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кириш бахтига сазовор бўлдим.
Отам Азат Қазақбаев туман ички ишлар бўлимида хизмат қилиб, 2003 йили хизмат вазифасини бажараётганида ҳалок бўлган. Онам Гулжаҳон Жамалова менинг барча ютуқларимнинг сабабчиси.
Ўтган 2019 йил 28 декабрь куни республикамиз раҳбари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов томонидан “°мит ушқыны” кўкрак нишони билан тақдирландим.
Бу мукофот менга катта куч бағишлади. Бундан кейин туғилиб, камолга келган диёрим — Мўйноқ туманини гуллаб-яшнатишга ва кўкаламзорлаштиришга ўз ҳиссамни қўшиб, тинмай меҳнат қилишга ҳаракат қиламан.
Ниятим Президентимга камарбаста бўлиб, Мўйноқ туманининг ривожланиши, ёрқин келажаги учун янгидан-янги ғояларни амалга оширишда фаол иштирок этишдир.