Бугун Мўйноқ ҳақида гап кетганида, ҳар бир юртдошимиз қалбида гўзал бир энтикиш, эртанги кунга ишонч, шукроналик ҳисси барқ уради. Беихтиёр ҳар бир инсонда Мўйноққа бориш, унинг янги қиёфасини, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини ўз кўзи билан кўриш, яратувчанлик ҳисси билан яшаш, меҳнат қилиш истаги пайдо бўлади.
Дарҳақиқат, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги уч йилда Қорақалпоғистонда, айниқса Мўйноқ туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, янгиланишлар, ҳар бир соҳадаги ислоҳотлар аввало, одамларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаётдан рози бўлиб яшашлари йўлида қилинаётган эзгу саъй-ҳаракатлардир.
Шуни мамнуният билан эътироф этиш жоизки, бугун Мўйноқ ҳақиқий қурилиш, бунёдкорлик майдонига айланди.
Орол тубида яшил ўрмонзорлар барпо этиш, экологик ҳолатни яхшилаш, пировардида бу ерда яшовчи аҳолининг турмуш даражасини ошириш, Мўйноқнинг янги, замонавий қиёфасини яратиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан фидоий ёшлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи аъзолари, журналистлар, ёзувчи-шоирлар, мутасадди раҳбарлар, умуман олганда, бу ердаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшиш ниятида бўлган юртдошларимизнинг ташриф буюргани унутилмас тарихий воқеадир.
“Орол тақдири: Денгиз чекинаяпти, инсон чекинмайди” шиори остида ўтказилган Халқаро пресс-клубда журналист сифатида иштирок этганимдан жуда хурсандман. Ўйлайманки, ушбу Халқаро пресс-клубда кўтарилган мавзулар, масалалар, шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан туманда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни ўз вақтида ва тезкор ёритиш юртимиздаги барча оммавий ахборот воситалари ва ҳар бир журналист учун муҳим.
Биласизми, баъзан иш юзасидан Мўйноқ туманига ташриф буюрсам, бу ерда кечаётган ўзгариш ва янгиланишлардан руҳланаман. Одамлар билан суҳбатлашиб, уларнинг матонатига, сабр-бардошига қойил қоламан. Ҳар қандай қийин, экологик оғир шароитда яшасалар ҳам Мўйноқни, туғилиб ўсган овулини, уйини ташлаб бошқа юртларга кўчиб кетган одамни учратиш қийин.
Чунки, Мўйноқ халқи албатта кун келиб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шиори, “Ўзбекистон Қаҳрамони” Ибрайим Юсупов айтганидек, “Бу эл ҳали зўр бўлади!” деган мисраларнинг Мўйноқда, айнан ўз турмушларида ҳақиқатга айланишига ишонган, умид билан яшаган. Ҳа, бугун ўша орзулар рўёбга чиқди. Мўйноқда бахтли ва гўзал тонглар отмоқда.
Гулайим Ғаниева,
“Қарақалпақстан” телеканали
журналисти.