Давлат байроқлари юксакларда ҳилпиради


Нукус шаҳрининг энг серфайз масканларидан бири бўлган И.Савицкий номидаги қорақалпоқ давлат санъат музейи қошида Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ғояси асосида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқларини ўрнатишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, шоир ва ёзувчилар, олимлар, Нукус шаҳридаги миллий маданият марказлари вакиллари, нуронийлар, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндорлари, спортчилар, ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов тадбирни очар экан, йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги билан самимий қутлади. Ушбу гўзал, файзли масканда Президентимиз ғояси асосида ушбу флагштокнинг бунёд этилгани, давлат байроқларининг халқимиз турмуши ва юртимиз тараққиётида тутган ўрни, аҳамияти, кейинги йилларда кўз ўнгимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақида алоҳида таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Ш.Уснатдинов, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Ш.Базарбаева ва бошқалар мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, давлат байроқлари халқимизнинг ифтихори эканлиги тўғрисида тўлқинланиб гапирдилар.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир халқ учун давлат белгилари муқаддас ҳисобланади. Зеро, улар халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида жамлаган ватан тимсоли сифатида қадрлидир. Хусусан, тинчлик, поклик, ҳалоллик ва садоқат тимсоли бўлган давлат байроғи инсонни доимо комилликка, бахтга чорлаб туради.

Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янграб, байроқлар юксакка кўтарилди. Эллик беш метр баландда ҳилпираган, эни саккиз, узунлиги ўн беш метрлик Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари олис-олислардан кўзга ташланиб, қалбларда ифтихор туйғусини жўш урдирди.

Санъат усталарининг концерти билан давом этган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.