Тажибай Романов,
ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари.
Президентимизнинг Ватанимиз тараққиётининг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Мурожаатномасини тинглар эканмиз, бу тарихий Мурожаатномада энг аввало, юрт, халқ равнақи, миллат келажаги ўз ифодасини топганлигига амин бўлдим. Илк бор 2017 йилда ва 2018 йилда иккинчи Мурожаатнома тақдим этилганди. Мазкур дастурий маърузалар чуқур мазмун ва катта аҳамиятга эгалиги, барча соҳаларга алоқадорлиги билан халқимизда катта қизиқиш уйғотганди.
Бу галги Мурожаатномада ҳам ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар ва асосий вазифалар баён этилди.
Юртбошимиз ўз сўзида, янги Парламент ва Ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт.
Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиман. Сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича, аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарур.
Акс ҳолда, сизларга ишонч билдирган сайловчилар олдида депутатнинг обрўси бўлмайди, партиянинг мавқеи тушиб кетади, — дея алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, биз халқ вакиллари бўлган депутатлар Президентимиз қўяётган ҳар бир вазифани, Парламент фаолиятини такомиллаштириш, унинг назорат ваколатларини кучайтиришга оид тавсияларини ҳам катта масъулият билан қабул қилмоқдамиз. Туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашларидан тортиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларигача ўзларига катта ишонч билдирган халқ билан бирга бўлишни, Президент қўяётган ҳар бир вазифани дастуриламал сифатида кабул қилиб, фаолият олиб боришни мақсад қилмоқдамиз. Мурожаатнома янги йил учун янги қанот, руҳимизга катта мадад, ҳаракатлар стратегиясининг йўл харитасидир, деб ишонч билан айта оламиз.
Шунингдек, Президентимиз мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни таклиф қилди ва бу таклиф қизғин қўллаб-қувватланди.
Чунки тараққиётнинг асоси илм ва маърифатда десак асло янглишмаган бўламиз. Инсоният тарихига назар ташласак, барча давр ва ҳудудларда тараққиётнинг асосида илм ва маърифат ётганлигини англаймиз. Шундай экан, бугунги кунда илм-фан ва рақамли технологияларни ривожлантирмас эканмиз, ривожланган давлатлар қаторига кира олмаймиз.
Президентимиз Мурожаатномада Қорақалпоғистонга ҳам алоҳида эътибор бериб, урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича 7 та йирик шаҳар қаторида Нукусга туташ бўлган йўлдош шаҳарча танлаб олиниб, уларни ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши, Қўнғирот туманида эркин савдо зонасини ташкил этиб, у орқали чегара олди савдосини ривожлантиришни ва албатта Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича бошлаган мисли кўрилмаган ишларимизни давом эттириб, денгизнинг қуриган тубида ўрмонзорларни кенгайтириш, Нукус, Урганч ва Хива шаҳарлари атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш бўйича вазифалар белгилаб бергани бутун қорақалпоқ халқини хурсанд қилиб, барчамизга куч-ғайрат бағишлади.
Эндиликда Ватаним деган ҳар бир фуқаро, айниқса биз депутатлар уйғонишимиз, жамият ҳаётига бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Ҳар ким ўз ишини, вазифасини виждонан бажарса, албатта кўп мақсадларимизга эришамиз.