Президентимизнинг 2016 йил 23 декабрдаги қарори асосида тасдиқланган “Инвестиция дастури”га мувофиқ, 2017-2018 йилларда Хўжайли туманида жойлашган хотин-қизлар Мурувват уйини Нукус шаҳрига кўчириш ва унинг учун янги бино бунёд этиш кўзда тутилган эди.
Президентимиз ўтган йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Хўжайлидаги ушбу муассасада бўлиб, бу ердаги шароитлар талаб даражасида эмаслигини таъкидлаган ҳамда мурувват уйи қурилиши бўйича мутасаддиларга топшириқлар берган эди.
Бу бўйича ишлар қизғин олиб борилгач, Нукус шаҳрида 250 ўринлик хотин-қизлар Мурувват уйининг янги биноси қад ростлади.
Муассаса янги биносининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов йиғилганларни мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги билан табриклаб, инсонпарварлик сиёсати ҳукм сураётган юртимизда ҳеч ким эътибордан четда эмаслигини алоҳида таъкидлади.
Айтиш жоизки, руҳан бемор хотин-қизлар учун мўлжалланган, 140 дан зиёд мутахассис хизмат қилаётган ушбу тиббий-ижтимоий муассаса қурилишига 14 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Зарур жиҳозлар билан таъминланиб, ён-атрофи обод қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов муассасага Президентимиз совғаси – “ИСУЗУ” автобуси калитини тантанали равишда топширди.
Сўнгра тадбир қатнашчилари муассасада яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари О.Ҳамроев иштирок этди.