Ўзбекистон Республикасида мамлакатни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган ислоҳотларнинг туб моҳияти аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг, хусусан, ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти ва савиясини юқори даражага кўтариш, уларда аниқ фуқаролик позициясини шакллантиришда ўз ифодасини топади.
Президентимиз Ш.Мирзиёев Олий мажлисга йўллаган Мурожаатномасида айни масалага алоҳида тўхталиб: “….бугунги кунда ёшлар маънавияти, уларнинг билим ва иқтидори, заковати, талантини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларимизни сафарбар қиламиз”, дея таъкидлаганди. Бу бугунги таълим-тарбия бўғинида фаолият кўрсатаётган барча-барчага дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазилар Маҳкамаси томонидан 2019 йилнинг 31 декабрь куни бола тарбиясида оиладан бошлаб то балоғат ёшига етгунга қадар бажарилиши лозим бўлган ишларни ўз ичига қамраб олган “Узлуксиз маънавий концепцияси” юртимиз тарихида илк бор ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга жорий этилди. Эндиликда эса бу концепцияни кундалик ҳаётимизда тарғиб қилиш, амалиётда қўллаш ва унга масъуллар томонидан амал қилиш муҳимдир.
Мазкур муҳим масала азал-азалдан аждодларимиз томонидан улуғланган ҳамда унга кечиктириб бўлмас долзарб вазифа сифатида қаралган. Мумтоз адабиётимизнинг ёрқин намоёндаси Алишер Навоий ижодидаги инсон бахту саодати, олижаноблик, ватанпарварлик, сахийлик, меҳр-муҳаббат, шунингдек, ота-онага ҳурмат, адолат каби ўлмас мавзулар тараннуми бугунги кунимизда ҳам ҳеч қандай аҳамиятини йўқотган эмас.
Мана салкам олти асрки, жаҳон маданияти ва санъатига беминнат хизмат қилиб келаётган даҳо Навоий яратган асарларнинг деярли кўпчилиги – баркамол шахс тарбиясига қаратилгани билан диққатга сазовордир. Негаки, ҳамма замонда ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш, уларнинг тўғри илм, билим эгаллашига шароит яратиш долзарб вазифалардан бири бўлиб келган. Жонажон Ватанимиз мустақиллигини ҳали қўлга киритмасдан туриб, ўта оғир, мураккаб ва таҳликали замонда 1991 йилнинг “Алишер Навоий йили” деб эълон қилингани ҳам энг катта матонат, жасоратли ишлардан бири, Навоий шахсига бўлган чуқур ҳурматнинг гўзал намунаси сифатида баҳолаш лозим.
Алишер Навоийнинг биргина “Ҳайрат ул-аброр” достонининг ўзида ўнлаб мақолот ва ҳикоятларда – ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, Навоий ёзади: “Ёш болага нисбатан энг зарур иш, билки, уни кичкиналигидан парвариш қилишдир. Тарбиянинг – бири болага яхши исм қўйиш бўлиб, уни исми билан чақирганларида у уялмаслиги керак”.Кўринадики, ҳазрат Навоий бола тарбиясига доимий долзарб масала сифатида қараган.
Шунингдек, Навоий ижодида нафақат ота-онани улуғлаш балки, илм ўргатган устоз ҳам отанг каби улуғдир деган ғоя мужассам:
Ҳақ йўлида ким сенга бир
ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо анинг
ҳақин юз ганж ила.
Ҳақиқатдан ҳам, Навоий ушбу байтда жуда катта ҳаётий тажриба, фалсафани илгари сурган. Устознинг бундай улуғланиши, эъзозланиши комилликнинг бир кўринишидан далолат беради. Биз ҳаётнинг барча сўқмоқларида устозлик қилган, тўғри йўл кўрсатган, беминнат маслаҳатларини аямаган инсонларни қадрлаб, эъзозлаб яшаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ҳадис келтиради: “Ота-она ўз фарзандига яхши тарбия бериш ва адаб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди”. Бу борада ота-она фарзандининг илму фазилатли, закий, одобли бўлишига биринчи ҳомий, биринчи муаллим бўлиши, тўғри йўлга бошлашида катта ҳикмат мужассам.
Навоийнинг ҳар бир асарида – адаб масаласи, комилликка даъват қилиш энг бирламчи вазифалардан биридир. Чунки, комил инсон тарбияси “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳод тимсолида янада чиройли таърифларда ёрқин намоён бўлган. Фарҳод каби мард, олижаноб, илму маърифатли, ақлли бўлиш учун ҳар бир ёш авлод интилиб яшаса албатта, ўз орзусига етади. Шунингдек, комил инсон бўлиш учун ҳунар ўрганиш ва уни халқ манфаати йўлида сафарбар қилиш шоирнинг энг катта орзуси бўлган. Бу ҳақда ўйлаганимизда “Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз” деган мақол ёдимизга келади.
Навоийнинг ҳозир ҳам ҳар биримиз учун ибрат бўладиган қуйидаги байтига эътибор қаратайлик:
Бу гулшан ичраки йўқтур
бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур чиқса
яхшилик била от.
Навоий наздида бу гулшан (олам)да сўлмайдиган гулнинг ўзи йўқ. Боқий гулнинг ўзи йўқ. Шундай экан, яхши амаллар билан яхши ном қолдир, шунинг ўзи сенинг боқийлигингни таъминлайди, деган хулосага келади.
Навоий умрининг охиригача элга, юртга беминнат хизмат қилиш истаги билан ёниб яшади. У ўзининг ҳар бир амалида – халққа манфаати тегишини, оддий одамларнинг ёнида бўлишни ҳаётига катта мезон қилиб олди. Ва, бунга ҳақли равишда эришди ҳам:
Юз жафо қилса манга,
бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо,
юз қатла фарёд айларам,
Кўринадики, менга юз марта ёмонлик (жабру зулм) қилса битта фарёд қиламан. Агарки, элга қилса бир жафо юз марта фарёд қиламан деганида элнинг дарди менинг дардимдан ҳам устундир деган ғояни илгари суради. Бундай ҳаётий ҳикмат шодалари ҳар бир ёш авлодга ҳам таълим, ҳам маънавий, ҳам инсоний хислатларни сингдиришга хизмат қилиши тайин.
Халойиққа кўрма қилиб бенаво,
Ўзингга раво кўрмаганни раво.
Ўзингга раво кўрмаганни оддий халққа, одамларга ҳам раво кўрма деганида катта масъулият ҳисси устувор. Негаки, ҳеч ким ўзига ёмонлик тиламайди. Демак, яхшиликни ўзингга раво кўрсанг уни ўзгаларга ҳам раво айлаш комилликнинг белгиси, одамийликнинг энг юксак намунаси сифатида ифодаланади.
Алишер Навоий ижодида умуминсоний қадриятлар қаторида ростгўйлик ҳам улуғланадики, ёлғончилик, чақимчилик, разолат эса қораланади. Агар кимда-ким чин инсоний сифатларга эга бўлса, унинг икки дунёси саодатли, бахтли бўлади деган умуминсоний ғояларни илгари суради. Навоий қайси жанрда, хоҳ тарихий, хоҳ сиёсий, хоҳ маънавий, хоҳ илмий тарзда қалам тебратмасин, энг асосий эътиборни инсон маънавиятининг даражаларига, яхшиликнинг мукофотига, ёмонликнинг, зулмнинг умри қисқалигига, ҳасадгўйнинг ҳеч нарсага эриша олмаслигига алоҳида аҳамият беради. Ҳар бир гўзал ишнинг савоби, ундан келадиган мукофоти ҳам гўзал бўлишига ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ишонтиради, чуқур ҳаётий қарашлари билан исботлайди.
Бугун биз шундай тиғиз, глобал, манфаатлар тўқнашган дунёда яшамоқдамизки, ҳар бир ишнинг натижасига қараб баҳо беришни замоннинг ўзи тақозо қилмоқда. Дейлик, замондош инсон Навоий ижодини ўқиса, тушунса, англаса, ҳаётда шунга амал қилиб яшаса забт этмаган чўққилари қолмаслиги шубҳасиздир. Дунёда ҳукм сураётган кайфият ҳам илмга бўлган интилиш, уни асраб-авайлашга диққат қаратишга олиб бориши тайин. Чунки, илму маърифатли инсонгина ўзининг келажагини бенуқсон, бехато таъминлай олади. Олий таълимда таҳсил олаётган ҳар бир ёш ана шу мезонга амал қилса, етук, баркамол, олижаноб, энг муҳими садоқатли, ватанпарвар бўлиб улғаяди десак, ҳеч қандай муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, “Камол эт касбким, олам уйидин…” деган ҳаётий ҳикматга интилиб яшаш, уни ўзининг ҳаёт шиорига айлантирган инсонки бор, бахту саодатга эришиши айни ҳақиқатдир.
Қувондиқ ҚОДИРОВ,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори