Олий таълимдаги муаммолар муҳокама этилди


Жорий йилнинг 3 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида кенгайтирилган Президиум йиғилиши бўлиб ўтди. Унда республикамиздаги олий таълим муассасаларида ўтган йилда амалга оширилган ишлар якуни ва жорий йилга белгиланган вазифалар муҳокама этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов бош­қариб борган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, олий таълим муассасалари ректорлари, филиаллар директорлари, вазирликлар, таълим инспекцияси раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятини юксалтириш, ёшларимизни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни етук кадрлар қилиб етиштириш борасида аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Айниқса, жорий «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да илмий асосланган ишларни амалга ошириш энг устувор вазифалардан биридир. Шунингдек, давлатимиз раҳбари яқинда зиёлилар ва ёшлар билан бўлган учрашувида юртимизда илм-фанни ривожлантириш, илмий-тад­қиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, фан ва ишлаб чиқаришнинг бир-бирига ўзаро боғлиқлигини кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Сўнгги йилларда юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, профессор ўқитувчиларга шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида республикамизда учта олий таълим муассасалари филиали ўз фаолиятини бошлаган бўлса, жорий йилда Нукус шаҳрида Тошкент давлат техника университети филиали очилиши кутилмоқда. Шунингдек, Инвестиция дастури асосида Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали клиникасида 85 миллиард 681 миллион сўмлик қурилиш-реконструкция ишларини олиб бориш режалаштирган бўлиб, шундан 2017-2019  йилларда 72,1 миллард сўмлик, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг янги ўқув корпусида 52 миллиард 702 миллион сўмлик қурилиш ишларини олиб бориш режалаштирилган бўлиб,  шундан 2018-2019 йилларда 33,5 миллиард сўмлик иш ҳажми бажарилди. Бу ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларидаги ахборот – ресурс марказларида ўтган йили 642 миллион сўмлик таъмирлаш ва жиҳозлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш учун 1 миллиард 688 миллион сўмлик жиҳозлаш, ўқув лаборатория хоналарида 3 миллард 18 миллион сўмлик таъмирлаш ва жиҳозлаш, талабалар турар жойларида 2 миллиард 31 миллион сўмлик таъмирлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, олий таълим муассасалари ҳудудларида 2 миллард 372 миллион сўмлик ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Кун тартибидаги масала бўйича олий таълим муассасалари раҳбарлари депутатлар олдида ҳисоб беришлари лозим. Шу боис, республикамизда фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаларида ўтган йилда амалга оширилган ишлар Жўқорғи Кенгесда тузилган депутатлардан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди. Бу бўйича ишчи гуруҳ раҳбари, депутат Т.Романовнинг ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда республикамиздаги 9 та олий таълим муассасасида 28 584 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга 1 649 нафар профессор-ўқитувчи, шундан 70 нафар фан доктори, 461 нафар фан номзоди, 207 нафар катта ўқитувчи, 940 нафар ассистент-ўқитувчи билим бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги «2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюрт­маси параметрлари тўғрисида»ги қарори асосида 9 та олий таълим муассасаларида жами 10076, шундан бакалавриатнинг кундузги таълим йўналишига 7551, махсус сиртқи таълим йўналишига тўлов-шартнома асосида 62, сиртқи таълим йўналишига 1850, кечки таълим йўналишига тўлов-шартнома асосида 137, магистратура мутахассислигига 476 нафар талаба қабул қилинган. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан белгиланган имтиёзлар асосида 457 йигит-қизлар талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Россия Федерациясининг иккита ҳамда Беларусь Республикасининг бир олий таълим муассасаси, Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида Беларусь Республикасининг бир олий таълим муассасаси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалида Россия Федерацияси ва Жанубий Кореянинг нуфузли таълим муассасаларининг қўшма факультетлари ташкил этилди. Уларга 13  та таълим йўналиши бўйича 103 нафар талаба тўлов-шартнома асосида қабул қилинган.

2019-2020 ўқув йилида барча олий таълим муассасаларида ишлаб чиқилган «Йўл харитаси» асосида таълим сифатини яхшилаш, илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини таъминлаш, профессор-ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлик даражасини ошириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилган. Хусусан, хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот марказларининг грантлари ва илмий фондлари маблағлари ҳисобидан Қорақалпоқ давлат университетида 151 минг евро ва 1 700 АҚШ доллари, Нукус давлат педагогика институтида 50 минг АҚШ доллари, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалида 38 295 евро, 13 750 АҚШ доллар, Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида 1000 АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳалар амалга оширилган. Шунингдек, давлат грантлари асосида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун Қорақалпоқ давлат университети 724,5 миллион сўмлик лойиҳа ғолиби бўлди.

Шу билан бир қаторда ўрганиш жараёнида бир қатор камчиликлар ҳам ўрин олаётганлиги таъкидланди. Жумладан, нуфузли таълим муассасаларимизнинг Ўзбекистон олий таълим муассаасалари орасида рейтинг кўрсаткичи пасайиб кетган. Профессор-ўқитувчиларнинг ахборот-коммуникация технологиялари, чет тилларини ўзлаштириш даражаси талабга жавоб бермайди. Талабаларни дарсликлар, ўқув қўлланмалари ётоқхона билан таъминлаш, битирувчиларни мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, амалиёт ўташда муаммолар мавжудлиги танқид қилинди.

Тадбирда олий таълим муассасалари ректорлари, филиал директорларининг ахборотлари тингланди. «Йўл харитаси»да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, қайд этилган камчиликлардан тегишли хулосалар чиқариш бўйича қарор қабул қилинди.

Кенгайтирилган Президиум йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари С.Бузрукханов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.